Эрон терма жамоасининг тўрт вакили АҚШни виза беришга мажбур қилди
Эрон терма жамоаси делегацияси таркибидаги тўрт нафар вакилга аввалроқ АҚШга виза берилмаган эди. Улар бу қарор устидан расман шикоят қилиб, иккинчи уринишда виза олишга муваффақ бўлди.
ВВС маълумотига кўра, виза олганлар орасида жамоа техник штабида таҳлилчи сифатида ишловчи мутахассис ҳамда Эрон футбол федерациясининг халқаро бўлимида фаолият юритувчи икки ходим бор.
Шу билан бирга, терма жамоанинг яна 11 нафар вакили визага доир муаммоларини ҳал қила олмаган. Улар Мексикага етиб келгач, АҚШга кириш учун янги аризалар топширган. Эрон терма жамоасининг машғулот базаси айнан шу мамлакатда жойлашган.
Шу билан бирга, олти нафар ариза берувчи яна рад жавоби олди. Улар орасида Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож ҳам борлиги қайд этилмоқда.
Эрон терма жамоаси жаҳон чемпионати доирасидаги уч учрашувини АҚШ ҳудудида ўтказади. Бироқ виза билан боғлиқ чекловлар туфайли жамоа ҳар бир ўйиндан сўнг Америка ҳудудини тарк этишга мажбур бўлади. Аввалроқ эълон қилинган режага кўра, терма жамоанинг асосий базаси АҚШнинг Аризона штатида жойлашиши керак эди. Бироқ АҚШ билан қуролли зиддият ва делегация хавфсизлигига оид хавотирлар ортидан Эрон томони Халқаро футбол федерациясига мурожаат қилиб, машғулот базасини Мексикага кўчиришга рухсат олди.
Гуруҳ босқичида Эрон терма жамоаси Калифорния штатидаги Инглвуд шаҳрида 15 июнда Янги Зеландия, 21 июнда эса Бельгия терма жамоаларига қарши майдонга тушади. 26 июнда эса жамоа Сиэтл шаҳрида Миср терма жамоасига қарши ўйин ўтказади.
АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида ўтаётган жаҳон чемпионати 19 июл куни якунланади. Бу сафар мусобақада илк бор 48 та терма жамоа иштирок этмоқда. Улар 12 та гуруҳга бўлинган. 1/16 финалга ҳар бир гуруҳдан иккита кучли жамоа, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган термалар орасидан энг яхши саккизтаси йўл олади. Амалдаги жаҳон чемпиони мақомига Аргентина терма жамоаси эга.

Фикрлар