Эронлик мураббий нега Ўзбекистон терма жамоасини танлади?
Маълумки, Ўзбекистон каратэ терма жамосига эронлик Шаҳаб Солтани устозлик қилмоқда. Албатта, ушбу хорижлик мураббий тўғрисидаги маълумотлар, мазкур яккакураш тури билан боғлиқ фаолияти, қолаверса, ҳозирги кундаги терма жамоамизнинг ютуқ ва камчиликлари борасидаги таассуротлари мухлисларда қизиқиш уйғотиши табиий...
Биз ушбу омилни инобатга олган ҳолда, форс мутахассиси билан суҳбат уюштирдик. Қуйида, мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Каратэ оламига кириб келишингиз тарихи, биринчи мураббийингиз ва илк ютуқларингиз ҳақида гапириб берсангиз?
- Мен каратэ билан шуғулланишни 1978 йилда Эроннинг Зенжон шаҳрида бошлаганман. Биринчи мураббийим Хамид Катири бўлган. Кейинчалик Нодир Эбодидан ушбу спорт турининг сир-асрорларини ўрганганман.
20 йилдан сўнг, яъни 1998 йилда менинг шогирдларим Эрон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасига сафига қўшилди. 6 нафар шогирдим маҳаллий ва халқаро турнирларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашди.
1995 йилда Эрон каратэ федерацияси бош мураббий ёрдамчиси лавозимига таклиф қилди. 2015 йилда Эрон ёшлар ва ўсмирлар миллий терма жамоасининг бош мураббийи этиб тайинландим. 2018 йил эса, катталар миллий терма жамоасининг бош устози сифатида иш бошладим. Бугунги кунда Эрон ўсмир ва ёшлар терма жамоларида 17 нафар, катталар миллий терма жамоасида 25 нафарга яқин шогирдларим мавжуд. Энг эсда қоларли ютуқларимдан бири, жаҳон каратэ оламида ўз ўрнига эга бўлган, халқаро тоифадаги спорт усталари Ҳасан ва Ҳусан Рувоний, Мазеор Илоний ва Ҳасан Ғаффорийларни етиштириб берганимдир.
-Мураббийлик фаолиятингизни бошлашингиз сабаби нимада эди?
- Биласизми, 30 йил аввал мен истиқомат қилган Зенжон шаҳрида каратэ яхши ривожланмаган эди. Мақсадим шаҳримиздаги ёшларни ушбу спорт тури билан шуғуллантириб, ёшлар ва ўсмирлар ҳамда катталар миллий терма жамоасининг аъзоларига айлантириш эди. Шу ният билан шахсий спорт клубимни очишга муваффақ бўлдим. Лекин мазкур иш мен учун жуда ҳам қийин эди. Ушбу қийинчиликларга қарамасдан мураббийлик фаолиятимни давом эттирдим. Бунинг натижасида, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, катта иқтидор эгаларини кашф қилдик. Гарчи, мураббийлик дунёдаги энг мураккаб касблардан бири ҳисобланса-да, бу мен учун шарафли ишдир.
- Ўзбекистон терма жамоасида мураббий сифатида иш бошлашингиз қандай амалга ошди?
- Ўзбекистонга келгунимга қадар, бошқа давлатларга ҳам таклиф қилишган. Лекин, Эрон каратэ федерацияси раҳбарияти ҳорижга кетишимни хоҳламас эди. Ҳар доим уларга жуда ҳам кераклигимни таъкидлашарди. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи бўлишимга тўсқинлик қилишмади. Шахсан мен учун бу яхши имконият эди. Чунки, ўзбек каратэ усталари Осиё ва жаҳонда етакчилардан саналишади. Уларнинг Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритишга имкониятлари етарли эканлиги ҳамда спортчиларнинг катта маҳоратга эгалиги ушбу терма жамоани танлашимга туртки бўлди.
- Ўзбекистон терма жамоаси билан иш бошлаганингизда қандай муаммо ёки камчиликларга дуч келдингиз?
- Хабарингиз бор, 2019 йилнинг октябрь ойидан буён Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи сифатида фаолият юритиб келмоқдаман.
Биласизми, иш бошлашимдан аввал терма жамоа билан боғлиқ жиддий муаммо келиб чиқади, деб ўйламаганман ва шундай ҳам бўлиб чиқди. Чунки ўзбек халқи туркий забон бўлганлиги учун бир-биримизни тушуниш осон кечди. Дарров спортчилар билан тил топишиб кетдим. Умид қиламанки, жамоа билан ҳамжиҳатликда Олимпия ўйинларига бир нечта йўлланмаларни қўлга киритишга муваффақ бўламиз.
- Бутунжаҳон Каратэ Федерациясининг 2020 йилги календарь режасига асосан, премьер-лига мусобақаларининг 3 та босқичи ўтказилди, лекин бизнинг вакилларимиз бирорта ҳам совринли ўринларни қўлга кирита олишмади. Сабаби нимада деб ўйласиз?
- Мадридда натижа яхши бўлган эди. -50 кг вазнда олтин ва -55 кг вазнда битта бронза медални қўлга киритганмиз. Тўғри айтдингиз, Париж, Дубай ва Зальцбургда битта ҳам медал ола билмадик. 2018 йилдан бошлаб Олимпиада ўйинлари йўлидаги турнирларда ижобий натижалар қайд этиш қийинлашиб бормоқда. Ҳар бир мамлкакт вакиллари лицензия учун жиддий кураш олиб боришяпти.
Ҳозирда мусобақалар сони камайиб, ўзаро рақобат кучайиб кетди. Натижаларимиздан келиб чиқиб, ғалабага тўсқинлик қиладиган яна иккита хато бор деб айта оламан.
Биринчиси, кичик элементар ҳолат аммо, шу биргина хато билан юқори поғонага кўтарила олмайсиз, яъни бу “ҳаяжондан музлаб қолиш”.
Иккинчиси, бу жанг давомидаги стратегия билан боғлиқ. Мусобақадан ташқарида, яъни ўқув-машғулотлар вақтида спортчиларнинг машғулот жараёнлари жуда ҳам яхши йўлга қўйилган, барча юкламани кўтара олишади. Лекин, бевосита мусобақа пайтида (татамига чиққанда) баъзилар машғулотларда бўлганидек, эркин ва сифатли жанг қила олишмаяпти. Мен буни тўғрилашга ҳаракат қиляпман. Чунки бу мени ҳам муаммоимдир.
- Терма жамоамиз вакилларининг Токиода ўтказиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш имконияти қай даражада? Бу бўйича яна қандай режаларингиз бор?
- Бизда 6 та категория бор ва шундан 4 тасида ютиш имкониятимиз мавжуд.
Хабарингиз бор, Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан «Токио-2020» Олимпиадасини қолдирилиши ва уни 2021 йилнинг ёзида ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилинди. Мазкур воқейлик туфайли, терма жамоамиз аъзолари учун ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари расман 25 мартдан вақтинча тўхтатилди. Эндиликда лицензион мусобақаларнинг саналари аниқ бўлгунга қадар, терма жамоа аъзолари ўз уйларида биз томонимиздан ишлаб чиқилган кунлик тайёргарлик дастури бўйича индивидуал тарзда машғулотлар олиб боришади. Қолаверса, онлайн тарзда масофавий ишлаш ҳам кўзда тутилган.
- Татамига чиққанда ёки умуман ҳаётда шундай ҳолатлар бўладики, инсонда муаммолар туғилса, ўзини йўқотиб қўяди. Шундай ҳолатда қандай йўл тутиш керак?
- Бу жуда ҳам қийин савол бўлди. Бизда машқ қилишни 3 та усули бор: биринчиси - техника, тактика ва стратегия; иккинчиси - фитнесс машқлар ва учинчиси - ҳаракат ва энергетик машқлар. Шу барча санаб ўтилганлар уларга ёрдам беради. Шунингдек, ҳар доим спортчиларга машғулотлар давомида, турнирлардан олдин ҳам уларга ишонишимизни такрор ва такрор айтиб ўтамиз. Бундан ташқари, энг асосийси - спортчини рағбатлантира олиш керак, чунки бу унга катта куч беради.
- Каратэ инсонга куч ва эпчилликдан ташқари яна қандай сифатларни беради?
- Каратэ инсонга жисмоний соғлиғи билан бирга ахлоқий ҳолатини ҳам яхшилайди. Шунингдек, тезлик, ҳаракатчанлик ва турли “зарбалар”га тез жавоб кайтара билишни ҳам ўргатади. Яна бир ижобий жиҳати ушбу спорт тури билан шуғулланадиган одамларнинг оёқ ва қўллари жуда ҳам бақувват бўлади.
- Сизнингча, каратэнинг қай жиҳатини жисмоний тарбия тизимида фойдаланиш учун қўлласа бўлади?
- Бу жуда ҳам яхши бўлар эди. Мисол учун, Эронда мактаблар тизимига каратэнинг бирламчи машқлари киритилган. Тажрибали муррабийлар тегишли режалар асосида мактабларга бориб, машғулотлар ўтказишади, ўқувчиларни тест синовларидан ўтказишади. Агар, шу усул Ўзбекистонда ҳам қўлланса, ўқувчилар келажакда етук спортчи бўлишлари мумкин. Мисол учун, 50 та ўқувчи каратэ билан шуғулланса, 1 йилдан сўнг шулардан 20 таси профессионал клубга аъзо бўлиши мумкин.
- Ўзбекистонда каратэ спорт турини ривожланиш истиқболлари ҳақидаги фикрингиз қандай?
- Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган асосий 6 нафардан ташқари, яна 30дан ортиқ спортчи бор. Улар терма жамоа аъзолари билан бирга машғулотларда иштирок этишади. Мен ва бошқа мурраббийлар уларни яхши натижага эришишлари учун тинимсиз меҳнат қиляпмиз. Тошкент шаҳри ва вилоятларда мураббийлар ва спортчилар билан ўтказилаётган семинарларда ҳам қатнашиб тураман. Амалдаги дастурлар албатта ушбу спорт турини янада оммалаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Умуман олганда, тактикадаги баъзи муаммоларни ҳисобга олмаса, Ўзбекистон каратэси яхши поғонада.
- Ривожланган спорт оламида каратэнинг келажаги ҳақида қандай фикрларингиз бор?
- Жаҳон каратэ федерацияси (WKF) катта ва кучли ҳомийларга муҳтож. Бу омил жуда ҳам муҳим. Агар келгусида каратэ Олимпиадада қолса, яхши ҳомийга табиийки муҳтож бўлади. Бошқа йўл йўк, назаримда...
- Спорт билан шуғулланишни бошлаётганларга сизнинг маслаҳатингиз...
- Барча учун спорт бу жуда катта аҳамиятга эга бир куч (восита) бўлиши керак деб ўйлайман. 4 та нарса бу ҳаётда ҳар доим инсон учун зарур бўлиши керак: биринчидан, инсоннинг албатта ахлоқий ҳолати юқори бўлиши, иккинчидан, оила тотувлиги, учинчидан, юқори билимга эга бўлиш, илм ўрганиш ва тўртинчидан, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш.
Манба: ЎКМФ матбуот хизмати
Фикрлар