Эронликлар мендан жамоамиз ҳақида сўрашди - "Пахтакор" ва "Персеполис"нинг собиқ футболчиси рақибнинг кучли ва кучсиз жиҳатлари ҳақида нималар деди?
Осиё Чемпионлар лигасининг чорак финалида “Пахтакор” Эронниннг “Персеполис” жамоасига қарши майдонга тушади. Вакилларимиз нимчорак финалда эронликларнинг яна бир клуби – “Истиқлол”ни таслим қилганди. “Персеполис”га қарши учрашув эса янада мураккаб кечишини тахмин қилиш қийин эмас. Ўзбекистонлик футболчилар орасида айнан “Персеполис”да тўп сургани ҳам бор.
Жумладан, Александр Лобанов 2016 йили мазкур жамоа шарафини ярим мавсум давомида ҳимоя қилганди. Ўз навбатида у “Пахтакор” клубида ҳам бир неча йиллар давомида фаолият олиб борганини яхши биласиз. Айтиш керакки, Лобанов “Персеполис” жамоасини яхшироқ билади. Ҳозирда “Металлург” дарвозасини қўриқлаётган дарвозабон муҳим баҳс олдидан “Пахтакор” ва “Персеполис” ҳақида гапирар экан, уларнинг имкониятини чамалади.
- Александр, “Пахтакор”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинларини кузатаётган бўлсангиз керак. Нима деб ўйлайсиз, клуб мусобақани ютишга қодирми?
- Менимча, “Пахтакор”нинг потенциали анча юқори. Фикримча, улар камида ярим финалгача чиқишлари керак. Жамоанинг ўйини яхши йўлга қўйилган. Ҳужумда ҳам фаол ҳаракатланаётганликлари кўзга ташланяпти.
- Сиз ўз вақтида Эроннинг “Персеполис” таркибида ўйнагансиз. Рақибнинг кучли ва кучсиз жиҳатларини айта оласизми?
- “Персеполис”нинг кучли томонларига келсак, ҳа, мен ушбу жамоада ўйнаганман. Шу сабабли уларнинг айрим жиҳатларини биламан. Бунинг устига “Персеполис”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги бир нечта учрашувларини ҳам кузатиб боряпман. Айтишим мумкинки, эронликлар стандарт вазиятларда хавфли. Жарима зарбалари, бурчак тўпларида “Персеполис” футболчилар яхши ўйнашади. Шу билан бирга бу жамоа рақибнинг тезкор ҳужумга ўтишини ёқтирмайди. Лекин иккинчи қаватдаги курашларда анча фаол. Аксинча, ерда тўп билан ўйнаш борасида уларда камчилик бор. Айнан шу жиҳат рақибнинг бироз кучсиз томони ҳисобланади. Боя айтганимдек, “Персеполис” кўпроқ стандарт вазиятларда ўйнашни хуш кўради. Табиийки, ҳужумга тезкорлик билан ўтишни ҳам яхши кўришади. Лекин шу билан бирга рақибнинг тезкор қарши ҳужумларига тайёр бўла олмайдилар. Шу жиҳат “Персеполис”нинг яна бир кучсиз томонларидан бири.
- Ушбу жамоада кимлар билан алоқани сақлаб қолгансиз?
- Тўғри, “Персеполис”нинг айрим ўйинчилари билан ҳозиргача гаплашиб тураман. Мисол учун жамоа сардори Ахмад билан алоқада бўлиб келаман. Айтганча, у ҳам мендан “Пахтакор” ҳақида сўраганди. Лекин мен унга бу ҳақида жавоб бермадим. Ҳарқалай “Пахтакор” менга яқинроқ клуб. “Персеполис”дан кўра, мен учун биринчи ўринда туради. Албатта, мен ўйнаган пайтдан бери жамоа таркиби анча ўзгариб кетган. Мураббийлар ҳам алмашган. Шунинг учун “Персеполис”да аввалгидан кўра, айрим ўзгаришлар бор. Масалан, у ерда ўйнаган пайтимда футболчиларнинг техникаси юқори эди, тезкор ўйинчилар кўп эди. Ҳозир эса бошқача. “Персеполис” ҳақиқий соф эронча жамоага айланган.
- Шунингдек, “Пахтакор” дарвозабонининг ўйинларини ҳам диққат билан кузатаётган бўлсангиз керак. Афсуски, ҳар ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиш қийин иш. Ҳамкасбингизнинг ўйини борасида нима деган бўлардингиз?
- “Пахтакор” дарвозабонлари ҳақида шундай дейишим мумкин, у ерда ҳозир иккита тенг кучли посбон бор. Ҳа, рақобат бор. Лекин жамоада иккита кучли дарвозабон бўлса, гоҳида рақобат жамоанинг фойдасига ишламайди. Шундай бир жиҳат борки, жамоада бир дарвозабон ўзини ишончлироқ ҳис қилиши керак, бошқасига қараганда. Иккита тенг кучлиси эса бир-бирига ҳалақит қилиши мумкин. Бу шахсий фикрим. Яна қайтараман, “Пахтакор”даги иккала дарвозабон ҳам кучли. Бу албатта жамоа учун фойдали бўлиши мумкин. Лекин бу жараён уларнинг ўзлари учун кучсиздек туюлиши мумкин. Четдан қараганда, иккаласи яқин, дўстдек кўринади. Бирга шуғулланишади, машғулотлар ҳам юқори савияда. Аммо аслини қараганда, иккаласи ҳам кучли бўлса, бир дарвозабон иккинчисига бироз халақит қилади. Гоҳида турли хатолар бўлади. Майдонда ўйнаётган бошқа чизиқ вакилларидан дарвозабонларга нисбатан кўпроқ хатоликлар бўлади. Лекин посбоннинг хатосини ҳамма дарҳол кўради ва сезади. Шунда кўпчилик дарвозабон кучсиз экан, дейишга тушишади. Бироқ аслида бундай эмас. Шунчаки, адашса, унинг хатоси сезиларли бўлади. Ўйинчи адашса ва жамоаси гол ўтказса ҳам кўпроқ дарвозабон айбдор бўлиб қолади. Аслида эса гол ўтказиб юборилса, биргина посбон эмас, бутун жамоа ўтказган бўлади. Мағлубият ҳам, ғалаба ҳам жамоаники.
Фикрлар