"Эсановни ота-онасига катта раҳмат. Бу футболчида адашмаганимизни ҳар куни ҳис қиляпмиз" - "Акрон" бош мураббийи SPORTS.UZ учун эксклюзив интервью берди

Россия премьер-лигасида дебют мавсумини ўтказаётган “Акрон” клуби куни кеча чемпионатдаги ўйинини сафарда “Ростов”га қарши ўтказиб 0:2 ҳисобида қимматли ғалабани қўлга киритди.

Биласиз, “Акрон” таркибида ҳамюртимиз Шерзод Эсанов тўп сурмоқда. Шу боис энди юртимизда “Акрон” клубининг мухлислари кўпайиб қолди. Ушбу жамоани бошқараётган мутахассис Заур Тедеев катта ҳажмдаги ишни бажаряпти. У бош мураббий сифатида “Акрон”ни ўзгартира олди ҳамда премьер-лигага олиб чиқди. Эндиликда эса кучлилар орасида ҳам мавқеини тиклаб бормоқда.

“Ростов”га қарши учрашувдан кейин Sports.uz журналисти Заур Тедеев билан боғланди. Ўз ўрнида мутахассис нашримизга эксклюзив интервью беришга рози бўлди. Таъкидлаш жоизки, у илгари ҳам, аниқроғи “Алания” бош мураббийи бўлиб ишлаётган чоғида ҳам бизнинг сайтимиз учун вақт ажратганди. Бу сафар ҳам мутахассисдан ижобий жавоб олдик.

- Заур Эдуардович, сафарда “Ростов” устидан эришилган муҳим ғалаба билан табриклайман. Валерий Карпин жамоасни мағлуб этиш қанчалик қийин кечди?

- “Ростов” билан ўйнаш жуда мураккаб ва биз ҳам бундан мустасно эмасмиз. “Ростов” жисмонан ва тактик жиҳатдан тайёр бўлган ўта кучли жамоа! Футболчилар узоқ вақтдан бери бирга ўйнашади ва бир-бирини яхши тушунишади ҳамда шуни алоҳида таъкидлашим керакки, “Ростов” ўз майдонида ўйнар экан, анча-мунча жамоа уни таслим қила олмайди. Бунақа ҳолат камдан-кам юз беради.

- Ҳамюртимиз Шерзод Эсанов ҳақида нима дея оласиз? У “Акрон” жамоасига қанчалик мослашиб кета олди?

- Аввало шуни айтишим керакки, унинг тарбияси ва олижаноблиги ажойиб даражада. Бунинг учун ота-онасига катта раҳмат! Ўз-ўзидан бу ўйинчининг келажаги порлоқ.  Ишонч билан айтаман,  шогирдим яна ўса олади. Ҳар гал майдонга тушганда тобора зўр кўринмоқда.  Ҳа, бизнинг ўрта чизиғимизда рақобат ўта юқори, лекин у рақобатдан сира чўчимайди.

- Умуман, Эсанов ҳақида биринчи марта қачон эшитгансиз ва илк бор ўйинини қачон кўргансиз?

- Уни селекцион хизматимиз вакиллари илғай олганлар. Спорт директори, бошқалар менга у ҳақда гапириб берганлар. Ҳамюртингизнинг ўйини туширилган видеосини кўргач, бизга айнан керакли футболчи эканлигини ҳис қилгандим. Арам Арменович ва биз бу футболчи борасида адашмаган эканлигимизни ҳар куни ҳис этиб келамиз.

- Қизиғи, Шерзодни кўпроқ Кубок ўйинларида майдонга туширяпсиз, чемпионатда эса аксинча. Сабаби нимада?

- Рақобат биз учун жуда ҳам муҳим, чунки биз чемпионат ва Кубок мусобақаларида иштирок этяпмиз. Ўз-ўзидан рақобатбардош футболчилардан барча учрашувларда фойдаланиш - бу жуда ҳам зўр!

- Артём Дзюба “Акрон”га қандай келиб қолди? Уни ишонтириш қийин кечмадими?

 - Артём Россия футболи учун жуда кўп ишларни амалга ошириб келмоқда. У кучли ўйинчи, Россиянинг фахри! Менга спорт директори қўнғироқ қилди ва табиийки, уни жамоага олиш масаласига рози бўлганман.

- “Акрон”да яна қайси ўзбекистонлик футболчини кўришни истаган бўлардингиз?

- Биз буюк мамлакатдан ажралиб чиққан собиқ республикаларни кузатиб борамиз. Ўзбекистонда ҳамма вақт кучли ўйинчилар бўлган. Аниқ исм-шарифларни санаб ўтирмайман. Ҳаммаси қандай рўй беришини кузатиб қоламиз. Ўзбекистонликларга энг самимий тилакларимни билдириб, Яратгандан факат яхшиликларни сўраб қоламан!

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!