Европа чемпионатини кимлар ўтказиб юборишини биласизми? Бу рўйхат сизни ҳайрон қолдиради!
SPORTS.uz қитъа биринчилигида олган жароҳати сабабли иштирок эта олмайдиган энг таниқли футболчиларни таништириб ўтади. Уларнинг йўқлиги бизга дарров сезилиши аниқ.
Европа чемпионати бошланишига бир ойдан камроқ вақт қолмоқда. Кўплаб терма жамоалар аллақачон мусобақа учун якуний таркибни эълон қилмоқда. Бельгия терма жамоаси шулар жумласидан. Афсуски, зич тақвим сабабли бир нечта таниқли футболчилар жароҳат олди. Бу эса, якунда уларни «Евро 2020» турнирини ўтказиб юборади.
Марк Андре Тер-Штеген
«Барселона» кипери мусобақадан четда қолиши маълум бўлганига кўп бўлгани йўқ. Кипер ўз аҳволини инстаграмдаги саҳифасида маълум қилди ва Германия терма жамоасига омад тилади.
«Биз шифокорлар билан биргаликда, тиззамдаги оғриқ сабабларини ўргандик. Маълум бўлишича, қўшимча операция ўтказишга тўғри келади. Бўлиб ўтган ишдан афсусдаман. Илк бор катта мусобақани мухлис сифатида томоша қилиш аламли. Умид қиламанки, бизнинг футболчилар ортга олтин медаллар билан қайтади. Шунингдек, келаси мавсумда мухлислар билан тўла аренада тўп суришни истайман. Оғир вазиятда бизни қўллаб турган барчага раҳмат.»
Андре 20 май санасида жарроҳлик столига ётади. Эътиборлиси шундаки, Каталония клуби посбони Германия терма жамоаси учун улкан йўқотиш эмас. Нюбель ва Нойер Тер-Штегеннинг йўқлигини билдирмаслиги турган гап.
Виржиль Ван Дейк
Голландия термаси сардори жорий мавсумда атиги 5 бор майдонга тушди, холос. Барчасига 2020 йилнинг октябрь ойида «Эвертон» билан баҳсда олинган оғир жароҳат сабаб. Жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлмаган ҳимоячи Голландия футбол раҳбаларига терма жамоадаги фаолиятини бир мунча муддатга тўхтатганини маълум қилди.
«Жароҳат олгач, бу кунга етиб келгунга қадар катта масофани босиб ўтдим. Ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Узоқ ўйлаб турнирдан воз кечишга қарор қилдим. Мавсум оралиғида персонал машғулотлар орқали жисмоний ҳолатимни тиклаб олмоқчиман. «Евро 2020»ни ўтказиб юбориш ҳаётимдаги энг катта омадсизлик, аммо ҳаракат қилишда давом этаман».
Ансу Фати
Испания терма жамоасида порлаши кутилган ҳужумчи фаолияти аввалида катта муаммоларга дуч келди. 2020 йилнинг ноябрь ойида «Бетис» билан баҳсда олинган жароҳат кутилганидан анча оғирроқ бўлиб чиқди. Сўнгги маълумотларга қараганда, 4 ойда сафга қайтиши тахмин қилинган футболчи яна бир бор жарроҳлик столига ётқизилади. Унинг тезроқ тикланиши учун амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар зое кетди. Энди ёш футболчининг тиззаси қайта операция қилинади. Европа чемпионатидаги дебют камида яна 4 йил кеч қоладиган бўлди.
Кшиштоф Пёнтек
2021 йилнинг 12 май санасида польяк ҳужумчиси Бундеслига баҳсида сафдан чиқди. Кшиштоф саралаш баҳсларида терма жамоа сафида 6 ўйинда 4 гол киритди. «Герта» жамоаси тарихидаги (32 миллион евро) энг қиммат футболчи муваффақиятли операция қилинди. Афсуски, тикланиш учун жуда кўп вақт талаб этилади.
«Орзуларим пучга чиқди. Мен қитъа биринчилигида тўп суришни жуда ҳам истаган эдим. Шундай бўлсада, футболда ҳеч нарса бежизга содир бўлмайди. Ўйлашимча, яратганинг менга атаб қўйган совғаси бор. Шу сабабли, воқеани позитив қабул қиламан. Энди, олдингиданда кучлироқ бўлиб сафга қайтишга тайёргарлик кўраман.»
Златан Иброҳимович
“Ибра” «Милан» мухлисларини ўз голлари билан хурсанд қилди, лекин А Сериянинг 17 учрашувини ўтказиб юборди. Майда жароҳатлар ва Ковид-19 ҳужумчини футболдан лаззат олишига имкон бермади. Швеция терма жамоасидаги фаолиятини айнан шу важ билан тиклаган ҳужумчи сўнгги ҳафталарда унинг кема бортидан тушиб қолгани ошкор бўлди.
Швеция терма жамоаси мураббийлар штабининг айтишича, Златан уларга қўнғироқ қилган. У ёзда 100 фоиз куч билан жамоасига ёрдам беришга қодир эмас. Бу нафақат Швеция, балки бутун дунёдаги мухлислар учун хунук янгилик бўлди.
Марко Ройс
Маркони чинакам омадсиз десак, адашмаган бўламиз. Германия термаси билан ЖЧда ғалаба қозониш имконидан айрилган йигит тез орада бошланадиган Европа биринчилигида ҳам иштирок этмайди.
«Оғир ўтган мавсумдан сўнг, танамда кучли чарчоқ ҳис этяпман. Шу боис, ёзда бўлиб ўтадиган чемпионатда иштирок этишдан воз кечдим. Ҳозир тўлиқ тикланишга ва янги мавсум олдидан дам олишга қарор қилдим. Терма жамоадаги ҳамкасбларимга қалбимдаги энг эзгу ниятларимни тилаб қоламан».
Ройс 2012 йилдаги Еврода бронза медалларга эга чиққан бўлса, 2016 йилдаги катта форумни жароҳати боис ўтказиб юборган эди. Энди эса, кучли чарчоқ сабабли Дортмундда қолишни афзал кўрмоқда.
Бонус : Жордан Хендерсон
Шу йилнинг февраль ойидан бери футболчи «Ливерпуль»нинг бирорта ўйинида иштирок этгани йўқ. Сабаби нима эканлигини дарров англаган бўлсангиз керак. Қолганлардан фарқли ўлароқ, уни ҳали рўйхатдан ўчиришгани йўқ. Англия терма жамоаси бош мураббийи сўнгги соатлар қолгунига қадар Жорданга тикланиб олиш имконини бермоқчи.
«Ливерпуль» жамоаси устози - Юрген Клопп эса, шогирдининг Еврода иштироки борасида фикр билдирди:
«Виржилдан фарқли ўлароқ, Жордан тикланиши мумкин. У ҳозир биз билан 100 фоиз машғулотларда қатнашмоқда. Бемалол яна майдонга қайтиши мумкин. Ҳаммасини мураббий ва футболчи ўртасидаги суҳбат ҳал этади. Ўйлашимча, Жордан Европа биринчилигида Англияга ёрдам бера олади».
Фикрлар