Европа чемпионлар лигаси унвони орзусига эриша олмаган топ-5 клуб

Европа чемпионлар лигаси жаҳон футболининг энг машҳур ва энг кўп мухлис йиға оладиган турнири ҳисобланади. Хафтанинг сешанба ва чоршанба тунларини бедор ўтишга мажбур қиладиган ушбу лига совриндори бўлишни Европанинг барча клублари орзу қилишади. Хаттоки, дунёнинг энг кўп маош олувчи футболчилари, амалдаги клублари ушбу лигада атига бир мавсум иштирок этиш имкониятини қўлдан чиқаришса ҳам, ўзига янги клуб қидириб қолишади.

Сўнгги ўн йилликда араб шайхлари ва америкалик бизнесменларнинг катта сармояси ортидан кучли бешлик чемпионатларининг бир қанча клублари рақобатбардош жамоа сифатида шаклланишди, миллий чемпионатлари ғолиблигини қўлга киритишди ва етарлича мухлисга эга бўлишди.

Биз эса топ-5 беш чемпионати клублари ўртасида Европа чемпионлар лигаси унвони ишқида ҳали ҳамон ёнаётган топ-5 клублар рўйхатини тузиб чиқдик.

5. "Тоттенхэм" (Англия)

Ўзига ҳос омадсиз клублар рўйхатини Лондоннинг "Тоттенхэм"и очиб беради. Ўзининг 150 йиллик тарихи давомида икки маротаба Англия чемпионлигини қўлга киритган "шпорлар" Чемпионлар лигаси финалида фақатгина бир маротаба, аниқроғи турнириннг ўтган йилги босқичида тўп суришди.

Ушбу мавсум аввалида янги стадионни қуриб битирган лондонликлар раҳбариятининг ушбу орзусини балки Жозе Моуриньо амалга ошира билар, бироқ аввало Моур шогирдлари билан биргаликда Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга кирита олишлари керак бўлади.

4. "Арсенал" (Англия)

Англиянинг энг совриндор клубларидан бири ҳисобланадиган "канонирлар" евро ареналаридаги натижалари билан мақтана олмаслиги аниқ. Яқин вақтларгача Европа чемпионлар лигасининг доимий иштирокчиси бўлган "Арсенал" 2006 йилда турнирнинг финал босқичига йўл олган, бироқ ўшанда "Барселона"га кичик ҳисобда мағлуб бўлганди.

3. "Атлетико Мадрид" (Испания)

Ўз футбол академияси орқали Ла Лигада "Реал" ва "Барселона"га етарлича бош оғриқ бўладиган "матрасчилар" Чемпионлар лигаси финали йўлланмасини уч маротаба қўлга киритган, бироқ уларнинг иккитасида ҳамшаҳарлари "Реал"га ва бир маротаба "Бавария"га имкониятни бой берган.

2. "ПСЖ" (Франция)

2011 йилда араб шайхлари томонидан молиялиштирилиши бошланган парижликлар Францияда ҳақиқий гегемон клубга айланишни уддлашади. Ўтган етти саккиз мавсум давомида фақат бир маротаба "Монако"га мамлакат чемпиони бўлиш имкониятини беришди. Насир Аль-Хелайфи раҳбарлигида клуб дунёнинг энг йирик трансферларини амалга оширишди, бироқ Евроареналарда фақатгина тарихий кембеклар қурбонига айланишдан нарисига ўта олишмаяпти.

1. "Манчестер Сити" (Англия)

"Шахарликлар"дан бошқа бир клуб ушбу рўйҳатда биринчилик учун даъвогарлик қила олмаса ҳам керак. Клуб йирик трансферлар, энг кучли таркиб ва Пеп Гвардиола билан ҳам еврокубокларда ярим финалдан ўтишни уддалай олишмаяпти. Агар бу мавсум коронавирус пандемияси сабаб Чемпионлар лигаси муддатидан аввал тўхтатиладиган, ёки "шахарликлар" финалдан олдин турнирни тарк этиадиган бўлишсалар, унда "Ман Сити" мухлислари УЕФАнинг санксияси ортидан яна икки мавсум Еврокубоклар орзуси билан яшашади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)