Европа грандлари уддалай олмаган супертрансферни Осиё клуби амалга оширади
“Наполи” ҳужумчиси Виктор Осимхен Европа футболини тарк этишга яқин турибди. Нигериялик тўпурарнинг навбатдаги манзили Саудия Арабистони бўлиши кутилмоқда.
Журналист Фабрицио Романонинг маълум қилишича, “Наполи” ва “Ал-Аҳли” Осимхен трансферини 65 миллион евродан қимматроққа амалга ошириш бўйича ўзаро келишувга эришган. Энди саудияликлар футболчининг ўзини кўндиришга уриняпти.
Осимхен араблардан катта маош ва шартномага бадал пулини тўлаб, уни сотиб олиш мумкинлиги ҳақида банд киритилишини талаб қилмоқда.
Виктор Осимхен ўз голлари билан “Наполи”нинг чемпион бўлишига катта ҳисса қўшган паллада унинг харидорлари кўпайиб кетди. Бироқ неаполликлар форвард учун ўта катта нарх белгилаб, 100 миллион евро атрофидаги таклифларни ҳам қабул қилмаган эди.
Ўтган мавсумда нигериялик ўйинчининг сермаҳсуллиги пасайиб кетди ва ўз навбатида, унинг трансфер нархи ҳам арзонлашиб бормоқда.
Фикрлар