Европа клублари назарига тушган легионеримиз яна гол уриб, жамоасини биринчи ўринга кўтарди!
Беларусь олий лигаси вакили “Энергетик-БГУ” 18-турда “Слуцк” жамоаси меҳмони бўлди. Минсклик “талабалар” ўз тарихида илк бор чемпионат совринли ўринлари учун курашиш имкониятига эга бўлиб турибди.
Бобур Абдухолиқов ва Абдулқодир Ҳусанов жамоасида мавсумни чемпион сифатида якунлаш имконити ҳам бор.
“Энергетик-БГУ” аввалги турда кутилмаганда “Торпедо-БелАЗ” жамоасидан 0:4 ҳисобида қақшатқич мағлубиятга учраганидан кейин чемпионлик курашида имконини сақлаб қолиши учун “Слуцк”ни мағлуб этиши шарт эди.
Рақиб майдонидаги ўйин “Энергетик-БГУ” учун омадсиз бошланди. Мезбонлар вакили Константин Котов биринчи бўлим ўрталарида рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди.
“Энергетик-БГУ” танаффус вақтида бош мураббий Павел Роднёнокдан олган кўрсатмаларини майдонда қўллай бошлади. Натижада жамоа етакчиларидан Александр Свирепа ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Ўйин якунланишига олти дақиқа вақт қолганида Бобур Абдухолиқов ўзини кўрсатди. 25 ёшли ҳужумчимиз “Слуцк” посбони Илья Брановецни ожиз қолдириб, жамоасига уч очко келтирган муҳим гол муаллифи бўлди.
Бу голдан кейин “Энергетик-БГУ” очколари сонини 34 тага етказиб, биринчи ўринга кўтарилиб олди.
Шу тариқа, Бобур Абдухолиқов Беларусь чемпионатидаги ўн еттинчи голини расмийлаштирди. Ҳамюртимиз тўпурарлар баҳсида катта устунлик билан пешқадамлик қиляпти. Бундан ташқари, Бобур олий лигада жамоадошларига бешта голли пас узатган. Моҳир ҳужумчи гол+пас тизимида жами 22 балл билан чемпионатнинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, қашқадарёлик футболчи гол урган учрашувларда жамоаси умуман мағлубиятга учрамаган. Бобурнинг голлари “Энергетик-БГУ”га “Витебск”, “Торпедо-БелАЗ”, “”Динамо-Брест”, “Нёман”, “Минск”, “Арсенал-Дзержинск”, “Славия”, “Белшина”, “Витебск” устидан ғалаба келтирган ва “Днепр-Могилев” ҳамда БАТЭ билан муҳим дурангни таъминлаган.
Бобур чемпионат ўйинларида битта хет-трик, учта дубль қайд этган ва еттита ўйинда биттадан тўп киритган. Ҳамюртимиз рақиб дарвозасига йўл тополмаган учрашувларда пойтахтлик “талабалар” тур баҳсларида “Ислочь”, “Шахтёр-Солигорск”, “Торпедо-БелАз”га ютқазиб қўйган.
Айрим оммавий ахборот воситалари ўзбекистонлик ҳужумчига Россия, Туркия ва Германия жамоаларидан таклифлар бўлаётгани ҳақида ахборот тарқатмоқда.
“Энергетик-БГУ” раҳбарияти ўзбекистонлик футболчини каттароқ маблағ таклиф қилинса, қўйиб юборишга тайёрлигини билдирган. Маълумотларга қараганда, улар ҳамюртимиўни 100 минг евродан қимматроқ сотмоқчи.
Бобур Абдухолиқовнинг амалдаги шартномаси шу йилнинг 31 декабрь куни якунланади.
Шомуродовни олишга сўнгги уриниш!
Бизда ҳам айб бор. Шаҳбоз Умаровни бошқача жазолаш керак эди!
Шомуродов Россияга қайтадими?
“Рома”: Шомуродов супертўпурар йўлини тўсиб турибди!
Фикрлар