Европа Лигаси рамзий жамоаси билан танишинг!
SPORTS.uz якунига етган Европа лигасининг гуруҳ босқичидаги энг яхши футболчилардан ташкил топган рамзий жамоани эътиборингизга ҳавола этади.
Дарвозабон
Александр Селихов («Спартак»; Россия)
Европа Лигасидаги бирорта дарвозабон Селихов сингари жамоасининг кейинги босқичига чиқиши учун кўмак бера олмади. Қаҳрамонмиз ўз дарвозасига аниқ борган 15 зарбанинг 13 тасини бартараф этди. Варди ва Пекхартнинг 11 метрдан йўллаган зарбаларини олиб чиқди. Агар уларнинг бирортасини ўтказиб юборганида, "Спартак" ҳозир гуруҳда 3-ўрин билан қолиб кетган бўлар эди.
Ҳимоячилар
Виктор Мозес («Спартак»; Нигерия)
"Спартак" ўз гуруҳида "Лестер" ва "Наполи"дан кўпроқ очко жамғарди. Шу боис, клубни бемалол ўз бўйидан баланд сакради, десак бўлади. Қаҳрамонимиз гуруҳдаги асосий рақибларга қарши ўйинларда 4 та ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Бу эса, якунда 1 ўрин учун энг муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Бенуа Бадьяшиль («Монако»; Франция)
"Монако" анча мураккаб гуруҳдан омон чиқишга муваффақ бўлди. ПСВ, "Реал Сосьедад" билан тўқнашувларда французлар яхшироқ ҳаракат қилгани рост. Бенуа ёш бўлишига қарамай, майдонда анча ишончли кўринмоқда. Эндигина 20 ёшни қарши олганига ўйинчи профессионал футболда 100 ўйин ўтказишга улгурди.
Маркао («Галатасарай»; Бразилия)
Турклар "Марсель" ва "Лацио" ўрин эгаллаган гуруҳдаги иштирокини мағлубиятсиз якунлади. 3 ғалаба ва 3 дуранг! "Галатасарай" 6 ўйинда ўз дарвозасидан атиги 3 гол олиб чиқди холос. Бунда Маркаонинг хизматлари беқиёс.
Аарон Крессуэлл («Вест Хэм»; Англия)
"Болғачилар" ЕЛни кетма-кет 3 ғалаба билан бошлади. Айнан шу 9 очко якунда плей-офф йўлланмасини олиб берди. У нафақат ҳимоядаги аниқ ҳаракатлари, балки 3 та асисстни ўз ҳисобига ёздириб қўйгани учун ҳам бугунги рамзий жамоамиздан ўрин эгалламоқда.
Ярим ҳимоячилар
Джибрил Соу («Айнтрахт Ф»; Швейцария)
"Бургутлар"нинг майдон марказидаги ҳаракатларига жавоб берувчи футболчи клуб томонидан жамоанинг ЕЛ гуруҳ босқичидаги энг яхши футболчиси, деб эътироф этилгани бежиз эмас. У чинакам прессинг-машина! У тўп учун курашда фаол бўлибгина қолмай, керак пайтда ҳужумга ҳам қўшилишни аъло даражада уддаламоқда. Сўнгги миш-мишларга қараганда, Ральф Рангник уни "Манчестер Юнайтед"га олиб келишни жуда ҳам истамоқда.
Деклан Райс («Вест Хэм»; Англия)
Райсни бемалол ЕЧЛ даражасидаги футболчи, дейишимиз мумкин. АПЛ грандларининг тушларига кириб чиқаётган ярим ҳимоячи учун "Вест Хэм" 100 миллион фунт талаб қилмоқда. Деклан Европа Лигасининг илк икки турида гол киритиб, жамоаси учун муҳим очколарни ишлаб берди.
Мирко Иванич («Црвена Звезда»; Черногория)
«Црвена Звезда» жамоаси гуруҳ баҳсида бор йўғи 6 гол киритди холос. Уларнинг 2 таси черногориялик ҳужумкор яримҳимоячи ҳисобига ёзилди. Гуруҳда Дания ва Португалия клублари бўлишига қарамай, серб клуби турнирни плей-оффда давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ҳужумчилар
Карл Токо Экамби («Лион»; Камерун)
Европа Лигасининг энг сермаҳсул футболчиси билан танишинг! Карл Токо Экабми 6 ўйинда 6 гол ва 2 ассистга муаллифлик қилди. Тўғри, "Лион"нинг гуруҳдаги рақиблари ("Спарта", "Брондбю") у қадар кучли эмас эди, бироқ 6+2 га кўз юмишнинг имкони йўқ!
Флориан Вирц («Байер»; Германия)
Флорианни турли нашрлар келажакдаги энг қиммат футболчи болишини башорат қилмоқда. Дарҳақиқат, форвард сўнгги ўйинларда ўз иқтидорини кўз-кўз қилишдан тўхтамаяпти. Гуруҳ босқичидаги 6 ўйиндан сўнг, у гол+пас системасида (3+3) 6 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Эндигина 18 ёшга кирган йигит учун бу шунчаки фантастик кўрсаткич!
Вандерсон Галена ("Брага"; Бразилия)
495 дақиқада 6 бор рақиб дарвозабонларини ранжитган ҳужумчи рамзий жамоамизнинг иккинчи ҳужумчисига айланади. 25 ёшни "уриб" қўйганига қарамай, Галена Португалияда ўзини "иккинчи" ёшлигини ўтказмоқда десак, адашмаган бўламиз. Гап шундаки, ўтган мавсумда Галена деярли захира футболчиси сифатида ҳаракат қилган эди. Энди эса, "Брага"нинг олдинги чизиқдаги асосий қуролига айланмоқда.
Я . У
Фикрлар