Европалик скаутлар эътиборини ўзбек футболига қаратаётган легионерлар
Россиянинг машҳур sports.ru ахборот портали мутахассислари Беларусь чемпионатида ёрқин ўйин кўрсатаётган ўзбек футболчилари – Жасур Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаров фаолиятини таҳлил қилди.
Унга кўра, 2018 йилда қуйи лигадан олий лигага қўшилган “Энергетик-БГУ” жамоаси Беларусь чемпионатининг ёш, лекин “тиши ўткир” жамоаларидан экани, унинг ўйин усули бошқа жамоаларникидан фарқ қилиши алоҳида таъкидланмоқда.
“Энергетик-БГУ” етакчи футболчиси Илья Шкуринни Россия премьер-лигасига трансфер қилиш орқали яхши даромад олди ва бу маблағни ўзбек футболчилари – Жасур Яхшибоевни “Пахтакор”дан, Шаҳбоз Умаровни АГМКдан ижарага олишга йўналтирди.
Айнан оқилона трансферлар жамоа ўйинида муҳим аҳамият касб этмоқда. Россия нашрининг ёзишича, 22 ёшли Жасур ўта ақлли футболчи сифатида қисқа фурсатда “Энергетик-БГУ”нинг ҳақиқий етакчиси ва чемпионатнинг энг зўр ўйинчисига айланди.
- Жасурбек рус тилини пухта билмагани учун ҳар доим ҳам фикрини изоҳлай олмайди. Унга кўп гапиришнинг кераги ҳам йўқ. Истеъдоди ҳаммасини кўрсатиб турибди, - деб ёзади sports.ru ахборот портали.
Жасур Яхшибоевнинг мамлакат футболи етакчиларидан “БАТЭ”га қарши учрашувда кўрсатган ўйини унинг ҳақиқий савиясини очиб бергани алоҳида эътироф этилмоқда.
Россиялик мутахассислар фикрича, 21 ёшли Шаҳбоз Умаровга бор салоҳиятини кўрсатиш учун етарли имконият берилмаяпти. “Энергетик-БГУ” мураббийлари бу футболчини ўртача 42 дақиқа ўйнатмоқда. Шунга қарамай, ҳар бир учрашувда мунтазам майдонга туширилаётган Шаҳбоз “Витебск” дарвозасини ишғол қилиб, дастлабки голини нишонлади. Мухлису мутахассислар Умаров ҳам кейинги ўйинларда аслида нималарга қодирлигини кўрсата олишига умид билдиришмоқда.
Шу ўринда, футболчиларимизнинг transfermarkt порталидаги трансфер суммасини келтириб ўтишни маъқул топдик. Жасур Яхшибоев “Энергетик-БГУ” таркибида энг қиммат икки ўйинчидан бири. Трансфер ҳуқуқи “Пахтакор”га тегишли футболчининг нархи 300 минг еврога баҳоланган.
АГМКдан ижарага олинган Шаҳбоз Умаровнинг трансфер суммаси 150 минг еврони ташкил қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Беларусь чемпионатига қўшилиш ҳар икки футболчимиз учун омадли бўлди. Истеъдодли ҳамюртларимиз ўз ўйинлари орқали Европа футболи мутахассислари эътиборига тушди. Қолаверса, Жасур ва Шаҳбознинг ишончли ўйини европалик скаутларнинг ўзбек футболига назар солишига туртки бўлаётгани ҳам бор гап.
Фикрлар
Yevropaga kuchli jamolarga o'tishsa yaxshi bo'lardi ammo ularda daraja yetishmidi!