Европанинг энг яхши ярим ҳимоячиси коронавирусга чалинди

"Челси" ярим ҳимоячиси Н'Голо Канте яқин икки баҳсни ўтказиб юбориши маълум бўлди.

У Европа Чемпионлар лигаси доирасидаги "Ювентус" ва АПЛ 7-туридан ўрин олган "Саутгемптон"га қарши ўйинларда майдонга тушмаслиги аниқ.

30 ёшли футболчи коронавирус билан касалланган ва айни дамда карантинга олинган.

Аслида, француз бу мавсум "аристократлар" сафида бир нечта ўйинларни ўтказиб юборди. Канте 19 сентябрь санасида сафга қайтганидан сўнг 3 ўйинда иштирок этиб, 1 гол уришга муваффақ бўлди.

Шунингдек, Н'Голо Франция терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралашидан ўрин олган учрашувларини ҳам ўтказиб юбориши эҳтимоли катта.

Маълумот ўрнида, француз УЕФА талқинига кўра, 2020-2021 йилги мавсумнинг энг яхши ярими ҳимоячиси дея топилган эди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!