Европанинг топ-клубларида ўйнайдиган футболчиларга эга, Африканинг энг номдор жамоаси ҳисобланган — Марокаш
ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.
Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир бор эслатиб ўтиб кетамиз.
Мундиал стартига 11 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "F" гуруҳининг учинчи вакили Марокаш орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.
Жамоа ҳақида
Марокаш қироллик футбол федерацияси. Лақаби — “шерлар”.
Ташкил топган йил: 1912 йил (ФИФАга 1913 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Валид Реграги
Жамоа сардори: Ромен Саисс
Илк расмий учрашуви: Марокаш – Ироқ 3:3 (1957)
Энг йирик ғалаба: Марокаш – Саудия Арабистони 13:1 (1961)
Энг йирик мағлубият: Марокаш – Венгрия 0:6 (1964)
Марокаш айни пайт ФИФА рейтингида 22-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг энг яхши натижаси эса 8-поғона бўлиб, 1998 йилда ушбу натижага эришган. “Шерлар”нинг ёмон натижаси 95-ўрин. Улар 2010 йилда мазкур “ютуқ”ни қайд этган.
Бир неча ҳафтадан сўнг Марокаш терма жамоаси ўз тарихидаги олтинчи жаҳон чемпионатига боради. "Атлас шерлари" — марокашликлар ўз футболчиларни ватанида шундай деб аташади. Улар қитъасининг энг муваффақиятли терма жамоалари қаторига киради. Жаҳон чемпионатларида фақат Камерун Марокаш термасидан кўпроқ иштирок этган – етти марта.
Шунингдек, Марокаш Африка қитъасидан мундиал гуруҳ босқичидан чиққан биринчи жамоа эканлиги билан ажралиб туради.
Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалига чиқиш - 1986 йил.
Марокаш ўша йилги мундиал гуруҳ босқичида Польша, Англия ва Португалия билан бир гуруҳдан жой олиб, 5 очко билан кейинги босқич масаласини ҳал қилган. “Шерлар” мусобақанинг нимчорак финалида Германияга қарши майдонга тушишади. Ўша учрашувда марокашликлар катта сенсацияга яқин келишганди, бироқ финал ҳуштаги чалинишига уч дақиқа қолганда ўша пайтдаги афсонавий футболчи Лотар Маттеус гол уриб, Марокашнинг ЖЧдаги эртагига нуқта қўйди. Дарвоқе, ўша жаҳон чемпионати финалида Германия Аргентинага (1:2) мағлуб бўлган.
Турниргача босиб ўтган йўли
Африка қитъасида жаҳон чемпионати учун саралаш 3 босқичдан иборат. Биринчи босқичда ФИФА рейтингида 26-ўриндан пастда бўлган (Африка қитъаси бўйича) 28 та жамоалар қатнашади (27 дан 54-ўрингача). Ушбу босқичда муваффақиятли иштирок этган жамоалар саралашнинг иккинчи қисмига йўл олади ва унда 40 та жамоа 4 тадан бўлиб, 10 та гуруҳга бўлинган ҳолда ЖЧ учун курашни давом эттиради. 10 та гуруҳнинг ғолиблари 3-босқичда 5 та жуфтликка бўлиниб, ўйнашади ва ғолиб ЖЧга йўл олади.
Марокаш Қатардаги мундиал учун саралашни 2-босқичдан бошлади. Улар Гвения-Бисау, Гвения ва Судан билан “I” гуруҳидан жой олди ва 100 фоизлик натижа билан 3-босқичга йўл олди.
Қуръага кўра, Марокашнинг сўнгги босқичдаги рақиби Конго ДР бўлди. Уй ва сафар тизими остида ўтадиган беллашувларда “шерлар” рақибидан кучлироқ эканлигини исботлади. Марокаш сафардаги учрашувда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, ўз майдонида Конго ДРни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, Қатардаги мундиал йўлланмасига эга чиқди.
Жамоа етакчилари
Марокаш терма жамоаси ҳам анча юлдузли таркибга эга. Хусусан, “шерлар” таркибида ПСЖнинг асосий таркиб футболчиси Ашраф Хакими, “Севилья” дарвозабони Яссин Буну ва ҳужумчи Юссеф Эн-Несери, ўтган йили “Барселона” шарафини ҳимоя қилиб, бу йил “Осасуна” таркибида ўйнаётган Абде Эззалзули, бу мавсум “Бавария” билан узоқ муддатли шартнома имзолаган Нуссаир Мазрауи каби футболчилар бор.
Шунингдек, Марокашнинг қолган футболчилари ҳам Европанинг камтарроқ жамоаларида тўп тепса, Абдулрразоқ Хамдаллах ва Бадр Банун Осиёнинг номдор клублари аъзоси ҳисобланади.
Марокаш терма жамоасининг Қатардаги мундиал учун чақирилган футболчилари рўйхати:
Дарвозабонлар: Ахмед Таньяути (“Видад”), Яссин Буну (“Севилья”), Мунир Эль-Кажуи (“Аль-Вахда”).
Ҳимоячилар: Ашраф Хакими (ПСЖ), Нуссаир Мазрауи (“Бавария”), Наиф Агуэрд (“Вест Хэм”), Ромен Саисс (“Бешиктош”), Ашраф Дари (“Брест”), Жавад Эль-Ямик (“Вальядолид”), Яхё Аттият-Аллах (“Видад”), Бадр Банун (“Қатар СК”);
Ярим ҳимоячилар: Софьян Амрабат (“Фиорентина”), Абдульхамид Сабири (“Сампдория”), Селим Амалла (“Стандард”), Аззедин Унахи, Софиан Буфаль (барчаси — “Анже”), Билаль Эль-Ханнус (“Генк”), Яхё Жабране (“Видад”), Хаким Зиеш (“Челси”), Амин Арит (“Марсель”);
Ҳужумчилар: Абде Эззалзули (“Осасуна”), Закария Абухляль (“Тулуза”), Илёс Шаир (“Куинс Парк Рейнджерс”), Юссеф Эн-Несери (“Севилья”), Валид Хеддира (“Бари”), Абдулрразоқ Хамдаллах (“Аль-Иттиход”).
ЖЧ-2022даги тақвими
23 ноябрь. Марокаш — Хорватия
27 ноябрь. Бельгия — Марокаш
1 декабрь. Канада — Марокаш
Фикрлар