
Фабио Каннаваро: Ўзбекистондек футболсевар мамлакатда ишлаш мен учун шараф
Миллий жамоамиз бу йил тарихда илк бор ФИФА Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу тарихий натижа мамлакат футболи учун янги саҳифа бўлиб, навбатдаги устувор вазифа – Жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш ва мусобақада муносиб иштирок этишни ташкил этишдир. Ўзбекистон футбол ассоциацияси бу борада Жаҳон чемпионати сингари йирик мусобақалар тажрибасини олган мураббийлар номзодини ўрганиб чиқди ҳамда мураббийлар кенгашининг таҳлилий хулосалари асосида Фабио Каннаваро билан шартнома тузиш бўйича иш олиб борди.
Бугун Миллий футбол марказида Фабио Каннаваро билан шартнома имзоланди. Учрашув давомида биринчи галда узоқ таҳлил ва ўрганишлар орқали ушбу мураббийлар штаби жалб этилганини таъкидланди. Каннаваронинг йирик турнирларда орттирган тажрибаси ва маҳорати орқали Миллий жамоамиз билан биргаликда муваффақият қозонишига ишонч билдирилди.
- Аввало билдирилган ишонч учун миннатдорчилик айтаман. Ўзбекистондек футболсевар мамлакатда ишлаш катта шараф ва бу ўз ўрнида катта масъулият. Фақатгина миллий терма жамоама эмас, барча — ёшлар, ўсмирлар жамоалари ҳам Мундиалда иштирок этаётгани Ўзбекистонда футболга берилаётган катта эътибор натижаси эканлигини билиниб турибди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг муваффақияти йўлида бор имкониятимни ишга соламан, - деди Фабио Каннаваро.
Маълумот ўрнида, Каннаваро футболчи сифатида Италия терма жамоаси сафида 2006-йилги Жаҳон чемпионатида зафар қучган ва ўша йили энг яхши футболчи сифатида “Олтин тўп” совринини қўлга киритган, шунингдек, ФИФА талқини бўйича “Йилнинг энг яхши футболчиси” совринини билан тақдирланган.
Бош мураббий сифатида Хитой терма жамоаси, “Ан-Насср” (Саудия Арабистони), “Тянцзин Қуанян” (Хитой), “Гуанчжоу Эвергранд” (Хитой), “Беневенто” (Италия), “Удинезе” (Италия), ва “Динамо Загреб” (Хорватия) клубларида фаолият юритган.
Манба: ЎФА
Комментарии