Фақат бир киши чемпион бўлади: январь ойида Муроджон Аҳмадалиев ва Дэниэл Роман жанги бўлиб ўтади

  • 23 январь, 2020, 14:49
  • 0
  • Бокс

Кўҳна Чуст шаҳрида туғилиб ўсган профессионал боксчи Муроджон Аҳмадалиев ўзи ва ўзбек бокси учун тарихий ҳодисадан бир қадамда. Уни WBA ва IBF версиялари бўйича жаҳон чемпиони унвонидан 1 ҳафта ҳамда амалдаги чемпион Дэниэл Роман билан бўлиб ўтадиган 1 жанг ажратиб турибди. Иккинчи энг енгил вазндаги профессионал бокс учрашуви АҚШ Флорида штатининг Маями шаҳридаги Island Gardens Меридианида бўлиб ўтади.

2018 йил 23 январь, Тошкент – Пайшанба, 30 январь куни 12 раундли беллашувда амалдаги чемпион Дэниэл Роман ва IBF (International Boxing Federation World Super Bantam Title)ва WBA (World Boxing Association Super World Super Bantam Title) унвонларига даъвогар Муроджон Аҳмадалиев учрашади. Боксчилар аслида 2019 йилнинг 13-сентябрида учрашишлари лозим эди, лекин ўшанда Дэниэл Роман чап елкаси жароҳати туфайли жангдан олинди ва ўз унвонларини ҳимоя қилишдан бош тортишга мажбур бўлди.

2018 йилнинг 3 мартида Нью-Йоркда «Мир Бокса» промоутерлик компанияси 23 ёшли истиқболли боксчи Муроджон Аҳмадалиев билан махсус шартнома имзолади. Боксчи дебют жангини 2018 йилнинг 10 мартида «MJ» тахаллуси остида, Давид Пазни биринчи раунднинг ўзида нокаутга учратиб ўтказди.

2019 йилнинг cентябрида, Роман мажбурий таътилда бўлган вақтида, Аҳмадалиев машҳур боксчи Уилнер Сото билан жанг ўтказиб, колумбиялик боксчини нокаутга учратди. Жанг саккиз раундга мўлжалланган эди, бироқ рефери бир томонлама ҳужумни тўхтатган ҳолда уни тўртинчи раунддаёқ якунлади. Ўзбекистонлик боксчи учун ушбу ғалаба профессионал боксдаги етти ғалабадан еттинчиси (олтитасида нокаут билан) бўлди.

Ўзининг 25 ёшида Аҳмадалиев ҳаваскор ва профессионал бокс тарихига кирди. 2015 йилда Дохада ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш, 2016 йилда Рио де Жанейрода ўтказилган Олимпия ўйинларида бронзани қўлга киритган боксчи қисқа вақт ичида – 1,5 йилда – профессионал рингга янги келган боксчидан чемпионликкача йўлни босиб ўтди: 2019 йилнинг августида спортчи иккинчи энг енгил вазнда WBA InterContinental чемпионлик камарининг соҳибига айланди.

WBA ва IBF версияси бўйича жаҳон чемпиони унвонидан Чустлик боксчини 1 ҳафта ҳамда амалдаги чемпион Дэниэл Роман билан 1 та жанг ажратиб турибди.

Дэниэл Роман (Daniel «The Baby Faced Assassin» Roman, 29 ёш, бўйи 165 см, вазни 55,34 кг, ўнг қўл) 2010 йилда 20 ёшида дебют жангини ўтказган. Сўнги бор 2013 йилда мағлуб бўлган ва шундан сўнг 19 маротаба ғалабага эришган. Унинг профессионал рекорди 30 жангдан иборат: 27 ғалаба (10 та нокаут), 2 мағлубият, 1 дуранг.

Иккинчи энг енгил вазнда профессионал бокс беллашуви АҚШ, Флорида штати, Маямида Island Gardens Меридианида бўлиб ўтади. Ўз карьерасида катта аҳамият касб этадиган жангга Аҳмадалиев мураббийи Джоэл Диас – енгил вазн тоифасида Мексика-Америка собиқ профессионал боксчиси билан тайёргарлик кўрмоқда. Ҳозирги кунда Диас бокс бўйича энг яхши мураббийлардан бири ҳисобланади. Боксчининг манфаатлари устидан менеджер Вадим Корнилов иш юритади.

Buka спорт кийимлари халқаро бренди DAZN (Буюк Британия) стриминг тизимидан жанг трансляциясини харид қилди ва ҳуқуқларни МТРКнинг Спорт телеканалига беғараз тақдим этди. Шундай қилиб, ўзбекистонлик томошабинлар мамлакат учун энг шов-шувли спорт ҳодисасидан тўғридан-тўғри трансляцияни давлат телеканалида, жума, 31 январь куни эрталаб соат 7 да (GMT +5) томоша қилишлари мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!