Фарруҳ Зоитов: "Ўзбекистонлик дзюдочилар тарих яратишга ишонгандим"

Олимпиада аввалида Норвегияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик дзюдочи Фарруҳ Зоитов билан суҳбат қилганимизда, у Париж Олимпиадаси ўзбек дзюдочиларининг имкониятини юқори баҳолаганди. Шунингдек, у Норвегия терма жамоаси сафида мусобақаларда қатнашиши мумкинлиги ва бу борада тез орада янгилик бўлишини маълум қилган эди. Биз шу масалалар юзасидан яна унга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик. 

- Фарруҳ тайёргарликлар қандай кетяпти?

- Тайергарлик жуда яхши ҳозирча кунига 1 маҳалдан машғулот олиб бормоқдаман. Сентябрдан 2 маҳалга ўтаман. 

- Яқин орада қандай мусобақада қатнашмоқчисиз?

- Тез кунларда  клублар ўртасидаги  мусобақаларда иштирок этаман. Лекин асосий мақсадим октябрда бўлиб ўтадиган Норвегия чемпионатида яна зафар қучишдан иборат. 

- Неча кг вазнда иштирок этмоқчисиз?

- 100 кг вазим тоифасида иштирок этаман.

- Норвегия терма жамоаси сафида навбатдаги Олимпиадада иштирок этишингиз мумкинми?

- Норвегия чемпиони бўлсам, кейин Скандинавия чемпионати бўлади. Ана шу турнирда ҳам ғалаба қозониб, рейтинг тақдим этувчи катта Гран-Приларда етарли балларни тўплаган ҳолда, Олимпиадада ҳам иштирок этиш имкониятини қўлга киритишга ҳаракат қиламан. 

- Париж Олимпиадасида ўзингизни вазн тоифангизни кузатдингизми, кимлар сизда яхши таассурот қолдирди?

- Албатта кузатдим. 100 кг вазн тоифасида Олимпиада аввалида Музаффар Тўрабоев чемпион ёки совриндор бўлди дегандим, айтганимдек Музаффар буни уддалади. Қизиқ ҳолатлардан бири Муззаффар Тўрабоевнинг акаси билан бир вазн тоифасида кўп бора финалларда тўқнаш келганмиз. Ҳар доим омад мен тарафда бўларди. Музаффар эса ҳозир жуда катта ўсишга эришди. Омадини берсин. 

- Ўзбекистон терма жамоасида кимлар ўз имконияти даражасида иштирок эта олмадию, кимлар ўз кучидан-да кўпроқ натижа қайд этди?

- Олимпиада аввалида Ўзбекистон терма жамоаси тарих яратишига ишонгандим. Ўзингиз гувоҳи бўлдингиз, янглишмаган эканман. Тўғриси, Давлат Бобонов ўз имкониятларини тўлиқ кўрсата олмади. Бироқ, унга ишонаман, навбатдаги Олимпиадада шоҳсупадан ўрин олади.  

- Норвегиялик дзюдочилар ҳам Олимпиадада иштирок этдими? 

- Афсуски, Норвегиядан хеч ким Олимпиадада иштирок этмади. Аммо, мен буни уддалашга ҳаракат қиламан. 

Маълумот учун, Фарруҳ Зоитов Норвегиянинг Ставенгер шаҳрида истиқомат қилади. Ўзбекистон ҳамда Норвегия фуқароси саналади. 2011, 2013, 2019 йил Норвегия чемпиони бўлган. 2018 йил 3-ўринни эгаллаган. Ҳозирда "Stavenger judo" клубида бош мураббий бўлиб ишламоқда ва тез орада яна спортчи сифатида мусобақаларда иштирок этишни бошламоқчи. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!