Файзуллаев супер голи билан “қора анъанага” чек қўйди ва тарихни ўзгартириб юборди...

Файзуллаев супер голи билан “қора анъанага” чек қўйди ва тарихни ўзгартириб юборди...

Россия Премьер-лигаси 11-турининг марказий учрашувларидан бири Москва шаҳрида “Динамо” ва ЦСКА жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.

Бу мавсум ҳар икки жамоа юқори ўринлар учун курашмоқда. Шу боис, “динамочилар”нинг уй стадиони ҳисобланган “ВТБ-Арена”даги беллашув кескин ва муросасиз курашлар остида ўтди.

Умуман олганда, икки жамоанинг ўзаро учрашувлари тарихига назар солсак, улар пойтахт дербисида бунгача 201 марта тўқнаш келган. Бу беллашувлардан 78 тасида “Динамо” ғолиб чиққан. ЦСКА 68 та учрашувни ўз фойдасига ҳал қилган. Яна 55 та баҳсда кучлар тенг келган.

“Армиячилар” меҳмонда ўйнаганига қарамай, рақибдан устунлик қилди. Дастлабки 15 дақиқа ичида ЦСКА футболчилари кетма-кет учта ўткир ҳужум уюштирди. Ана шундай қулай вазиятлардан бирида Аббосбек Файзуллаев “Динамо” дарвозасини ишғол қила олмади.

Бироқ 17-дақиқага келиб, ўзбекистонлик легионер барибир ўз мақсадига етди. Жарима майдончаси яқинида тўпни қабул қилиб олган 21 ёшли футболчимиз уч нафар ҳимоячини чалғитиб, дарвозага ўта аниқ зарба йўллади.

Бунгача бир неча маротаба жамоасини қутқарган Андрей Лунёв бу гал Аббоснинг зарбаси қаршисида ожиз қолди – 0:1.

Таъкидлаш лозимки, Файзуллаев учун Россия Премьер-лигасида узоқ масофадан урилган голлари сонини учтага етказиб олди. Бу кўрсаткич бўйича ҳамюртимиз Юрий Горшков билан биринчи ўринни бўлишиб турибди. Ўтган мавсум бошидан бери “Зенит” футболчиси ҳам жарима майдончаси ташқарисидан учта тўп киритган.

Биз учун муҳим томони шундаки, Мавсум бошида жисмоний тайёргарлик бўйича айрим муаммоларга дуч келган ва мутахассислар томонидан танқидга учраган Аббосбек Файзуллаев кейинги пайтда юқори спорт формасини тиклаб олганини намойиш қилмоқда.

Ҳамюртимиз аввалги турда “Ахмат” жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, янги мавсумдаги голлари сонини очганди. Мана энди легионеримиз кетма-кет иккинчи учрашувда рақиб дарвозасига йўл топа олди.

“Динамо” футболчилари беллашувнинг иккинчи ярмида вазиятни ўнглашга эришди. Илгари ЦСКАда ўйнаб, кейинчалик “динамочилар” сафига қўшилган Карраскаль собиқ жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

ЦСКА бош мураббийи 74 дақиқага келиб бир неча ўзгаришларни амалга оширди. Файзуллаев ҳам захирага олинди. Бу ўз фойдасини берди. Захирадан майдонга тушган Тамерлан Мусаев ўйин якунланишига бир неча дақиқа қолганида  “Динамо” дарвозасига ғалаба тўпини киритди.

Қизиқ маълумот: ЦСКА футболчилари 2018 йили очилган “ВТБ-Арена”да умуман ғалаба қозона олмай келаётган эди. “Армиячилар” рақиб майдонида ўтказилган беллашувларда охирги маротаба 2015 йили 4 октябрида зафар қучган. Кейинги ўйинларда “Динамо” футболчилари “армиячилар”дан очко олиб келаётган эди.

Шундай қилиб, Аббосбек ўз голи билан ЦСКАнинг тўққиз йиллик “қора анъанаси”га чек қўйишни бошлаб берди.

Энди Аббосбек Файзуллаев Тошкентга қайтади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец уни 2026 йилги жаҳон чемпионатининг Осиё саралаш мусобақаси учинчи босқичи доирасида бўладиган расмий учрашувларга чақиртирган.

Маълумки, гуруҳда олти очко билан пешқадамлик қилаётган футболчиларимиз энг асосий рақиблар – юз фоизлик натижа қайд этиб келаётган Эрон ва учинчи ўринда бизни таъқиб қилаётган Бирлашган Араб Амирлари терма жамоаларига қарши муҳим учрашув ўтказади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 10 октябрда Эрон ва 15 октябрда Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари билан учрашади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!