Файзуллаев “ёндирди”: Аббосдан супергол! Миралем Пьянич, нима дейсан?
Россия Премьер-лигасининг 10-туридан ўрин олган ЦСКА ва “Ахмат” жамоалари учрашуви қаҳрамони Аббосбек Файзуллаев бўлди.
Легионеримиз учрашувнинг бошидаёқ позициясини ўзгартиришга мажбур бўлди. Ҳужум чизиғининг ўнг қанотидан ўрин олган Рифат Жемалетдинов баҳснинг учинчи дақиқасидаёқ жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этди.
Марко Николич майдонга Тамерлан Мусаевни туширди. Бу ўзгариш натижасида Аббос ўрнини Мусаевга бўшатиб, ўзи ўнг қанотга ўтди.
Устасига фарқи йўқ, деганларидек, Файзуллаев ўнг қанотда ҳам юқори даражада ўйнай олишини кўрсатди. Беллашувнинг 19-дақиқасида 20 ёшли футболимиз жарима майдончаси ташқарисидан аниқ ва мураккаб зарба билан ҳисобни очди.
Жамоалар танаффусга чиқиши олдидан Келлвен ҳисобдаги фарқни оширди.
Танаффусдан кейин яна катта саҳнага Аббосбек Файзуллаев чиқди. Бу гал у марказий ҳужумчи вазифасини аъло даражада уддалади. Ҳужум марказида пайдо бўлган ҳамюртимиз қанотдан узатилган тўпни бир ҳаракат билан “Ахмат” дарвозасига жойлади. Бу вазиятда тўп рақиб ҳимоячисига ҳам тегди. Гол муаллифига қўшимча аниқлик киритилиши кутилмоқда.
Аббосбек Файзуллаев бутун учрашув давомида фаол ҳаракат қилди ва жамоадошларига бир неча маротаба жуда хавфли ҳужум ташкил қилиб берди, ўткин паслар оширди. Аббосбекнинг тезкор, креатив ўйини жамоасининг ғалабасига пойдевор бўлди.
Учрашувни “армиячилар”нинг янги ўйинчиси Миралем Пьянич трибунадан кузатиб борди. Европа футболида порлаган босниялик юлдуз ўзи билан бирга ҳаракат қиладиган футболчилар имкониятини билиб олди.
Хусусан, аксарият экспертлар тез орада ЦСКАда Аббосбек Файзуллаев ва Миралем Пьянич тандеми пайдо бўлиши таъкидламоқда. Пьянич майдон марказида креатив ўйин кўрсата олади ва турли масофаларга аниқ пас узатади. Файзуллаев эса, майдон марказини босниялик ярим ҳимоячига қолдирган ҳолда ҳар икки қанотдан ҳужум уюштириш ва сўнгги пасни жуда қулай узатиш маҳоратига эга.
Бу қобилиятини легионеримиз “Ахмат”га қарши баҳсда ҳам намойиш қилди. Бир сўз билан айтганда, бу беллашувда Файзуллаев нималарга қодирлигини яна бир бор кўрсатди.
Легионеримиз учрашув якунланишига бир неча дақиқа қолганида захирага олиниб, ўрнини малилик ҳужумчи Секу Койтага бўшатиб берди.
Биз учун қувончли томони, Аббосбек Файзуллаев янги мавсумдаги голли ҳисобини очди. Легионеримиз ЦСКА сафидаги илк дублини нишонлади.
ЦСКА йирик ҳисобдаги ғалабадан кейин очколар сонини 17 тага етказиб олди.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев ўтган йили августда “Пахтакор”дан ЦСКАга ўтган эди. Легионер сифатидаги дебют мавсумидаёқ Премьер-лига ва мамлакат кубогида 32 та учрашувда бешта гол ва 14 та ассист қайд этган ўзбек футболчиси чемпионатнинг асосий кашфиёти сифатида эътироф этилди.
Файзуллаев янги мавсумни бироз бўш бошлаган бўлса-да, оптимал спорт формасини тез тиклаб олди. 20 ёшли футболчимиз ҳозир ҳам жамоанинг етакчиси ҳисобланади. Ниҳоят, голлари ҳимобини очган Аббосбек чемпионат ва кубок мусобақаларидаги 11 та учрашувда бешта ассист ҳам қайд этган.
Италия чемпиони Файзуллаевга ёрдам беради...
Францияда ўзбек футболчисига эътибор қаратишди!
Россияда легионеримизни нега ўйнатишмаяпти?
Фикрлар