Файзуллаевни 60 миллион евролик юлдузга тенглаштиришди
Россия Премьер-лигаси клублари мавсумнинг иккинчи ярмига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Март ойининг бошидан чемпионатнинг 19-тур учрашувларига старт берилади.
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари биринчи навбатда Москванинг ЦСКА клуби ва унинг 20 ёшли етакчиси Аббосбек Файзуллаевга га мухлислик қилади. Шунингдек, икки нафар легионеримиз – Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев тўп тепаётган Қозоннинг “Рубин” жамоаси ҳам мухлисларимиз эътиборида бўлади.
Чемпионатнинг биринчи ярмида биз мухлислик қиладиган ҳар икки клуб ҳам 28 тадан очко жамғариб, мусобақа жадвалида кетма-кет еттинчи ва саккизинчи поғоналарни эгаллаган. Премьер-лиганинг қолган ўйинларида улар кўпроқ очко жамғариб, имкон қадар юқори кўтарилишга уриниб кўради.
Кўпчиликни мавсумнинг биринчи қисмида асосий кашфиёт сифатида эътироф этилган Аббосбек Файзуллаев чемпионатнинг қолган ўйинларини қай даражада ўтказиши қизиқтирмоқда. Легионеримиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қатардаги Осиё кубогида қатнашгани сабабли ЦСКАнинг учта хорижий ўқув-машғулот йиғинидан иккитасида иштирок эта олмади.
Файзуллаевнинг ўзи тайёргарлик борасида клуб матбуот хизматига ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди.
- Мен жамоа йиғинларига кечроқ қўшилдим. Осиё кубогидан кейин бир неча кун дам олдим. Секин-аста спорт формамни тиклаб оляпман. Чемпионат бошлангунича тайёр бўламан, деб ўйлайман, - деди Аббосбек Файзуллаев.
Шу ўринда, Россия футбол жамоатчилигининг таниқли экспертлари Аббосбек Файзуллаевнинг имкониятларини баҳолашда давом этяпти.
Россия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Борис Игнатьев ўзбек футболчисини Премьер-лига тарихидаги энг зўр ўйинчилардан бири, кейинги йилларда “Зенит”нинг кетма-кет чемпионлигига муносиб ҳисса қўшган бразилиялик Малкомга қиёслади.
- ЦСКА клуби Аббосбек Файзуллаевни олди. Бу трансфер учун “Зенит” Малкомга тўлаганчалик катта маблағ сарфлагани йўқ.
Лекин мен Файзуллаевнинг Малкомдан кам жойи борлигини кўрганим йўқ. Бу ҳақиқатан жиддий трансфер бўлди. Клуб профессионал даражада ишлади, - деди Борис Игнатьев.
“Зенит” клуби 2019 йили Малком учун “Барселона”га 41,5 миллион евро тўлаган эди. Питерликларнинг ҳақиқий етакчисига айланган бразилиялик ҳужумчи ўтган ёз Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” жамоасига 60 миллион еврога трансфер қилинди.
ЦСКА ўтган йили августда Аббосбек Файзуллаевни “Пахтакор”дан 500 минг еврога трансфер қилди. Қисқа фурсат ичида легионеримизнинг трансфер суммаси бир неча баравар ошди. Қатардаги Осиё чемпионатидан кейин Аббоснинг трансфер нархига яна бир миллионга қимматга қимматлаб, жами 5 миллион еврони ташкил қилмоқда.
ЦСКА 2024 йилдаги илк расмий учрашувини чемпионатнинг 19-тури доирасида “Оренбург” жамоасига қарши ўтказади. Ўйин 2 март куни Тошкент вақти билан 16:00 да бошланади.
Фикрлар