
Февзи Давлетов: "0:2 дан кейин бироз хотиржамликка берилдик"
Ўзбекистон Кубоги “Б” гуруҳидаги “Андижон” – “Сурхон” (2:3) учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Февзи Давлетов қатнашди.
- Тиғиз тақвим бор эди. Шу сабабли ўйинни яхши бошлашга ҳаракат қилдик. Дастлабки 15 дақиқаси давомида ҳужумкор ўйин кўрсатдик. Ҳисоб 0:2 бўлгач, бироз хотиржамликка берилдик. Озгина эътиборсизлигимиз сабабли стандартдан гол ўтказиб юбордик. Бир қатор камчиликларимиз кўзга кўринди. Биз ҳали бу вазиятлар бўйича кўп ишлашимиз кераклиги кўриниб турибди. Танаффус пайтида керакли кўрсатмаларни бердик. Баъзи вазиятларда ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам камчиликларимиз бўлди. Лекин умумий маънода айтганда, барчаси биз учун фойдали бўлди, деб ўйлайман.
- “Сурхон” 1:2 ҳисобида олдинда бораётганида чуқур ҳимояга ўтди. Бу борада нима дейсиз?
- Вазиятларни ушлаш ҳақида кўрсатмалар берилганди. Айниқса, танаффусда ҳам марказий ҳимоячилар диққатлироқ бўлишлари ҳақида айтгандик. Иккинчи голни айнан марказий ҳимоячиларнинг эътиборсизлиги сабабли ўтказиб юбордик. Шундай бўлса-да, сафардаги қўлга киритилган натижани яхши деб ўйлайман.
- Гуруҳда “Динамо” билан “Лочин” ҳам бор. Уларга қарши қандай тактикада ўйнайсиз? Ёки яна таркибда ротациялар амалга ошириладими?
- Албатта, ротация қиламиз. Ўйлайманки, бизни яна олдинда қизиқ ўйинлар кутиб турибди. Аввал тикланиш жараёнини ўтказиш ва яхши тайёргарлик кўришимиз керак.
- Муҳаммад Али Абдураҳмонов рақобатда Ҳайдаровни ютиб чиқяпти ва ўзини кўрсатмоқда. У ҳақида фикрингиз қандай?
- Мавсум бошида Ҳайдаров биз билан эмасди. Жароҳат боис анча вақтни ўтказиб юборди. Шунинг учун ҳозир бироз формасида эмас. Абдураҳмонов эса аксинча барча йиғинларда яхши қатнашди ва яхши спорт формасида. У тўхтамасдан меҳнат қилмоқда.
Фикрлар