ФИФА ЖЧ-2026 биринчи турининг энг яхши футболчиларини эълон қилди
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи биринчи туридан сўнг FIFA Power Rankings тизими орқали энг яхши ўйинчиларни аниқлади.
Ҳужумда энг самарали футболчи сифатида Аргентина терма жамоаси етакчиси Лионель Месси қайд этилди. У Жазоирга қарши учрашувда (3:0) хет-трик қайд этиб, жамоасининг рақиб дарвозасига йўлланган барча зарбаларининг 60 фоизини амалга оширди. Креатив ўйин бўйича эса Эрон терма жамоаси аъзоси Рамин Резаян пешқадамлик қилди. У Янги Зеландияга қарши баҳсда (2:2) ўнг қанот ҳимоячиси сифатида майдонга тушиб, 16 та аниқ узатма берди.
Ҳимоявий ҳаракатлар бўйича рейтингда Канада терма жамоаси футболчиси Дерек Корнелиус биринчи ўринни эгаллади. У Босния ва Герцеговинага қарши ўйинда (1:1) 17 та тўпни тўсиб қолиш, 13 марта тўпни хавфли ҳудуддан узоқлаштириш, тўртта блокировка ва тўртта тўпни тортиб олишни амалга оширди, шунингдек, саккизта ҳаводаги курашда зафар қучди.
Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида ўтказилмоқда. Тарихда илк бор мусобақада 48 та терма жамоа иштирок этмоқда. Турнир 19 июл куни якунланади. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоасидир.

Фикрлар