ФИФА келаси ҳафта Ўзбекистон клубига қўйган тақиқини олиб ташлаши мумкин. Лекин ҳавотир бор...

Шу йилнинг 13 январь санасидан эътиборан, ФИФА "Бухоро" футбол клубига янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйганди. Кеча "Бухоро" масалани ҳал қилди ва ФИФАга ҳисобот тақдим этди. Туркманистонлик футболчида эътироз қолмаган бўлса, келаси ҳафта ФИФА тақиқни олиб ташлаши мумкин. Бу ҳақда ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида маълум қилди.

- Мана шу вақтда "Бухоро" сафида легионерлар машғулот ўтказаётгани ва клуб улар билан музокара олиб бораётгани бизни хавотирга солади. Боиси, "Бухоро" яна 3 нафар тожикистонлик спортчи билан ҳам қарздорлик масаласини тезроқ ҳал қилиши керак. Катта эҳтимол билан тез орада улар ҳам ФИФАга мурожаат қилади.

Маълумот учун. Клуб футболчи билан шартномага имзо чекса, мазкур шартнома ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказилиши ёки йўқлигидан қатъи назар, у юридик кучга эга ҳисобланади ва ФИФА мазкур шартноманинг эҳтимолий муаммоларига нисбатан қарор чиқариш ҳуқуқига эга бўлади. Шундан келиб чиқиб, эски муаммолар ҳал этилмагунига қадар, янгисини бошламаслик тўғрироқ.

Биз 2022 йилги мавсумдан яна бир янгиликни амалга тадбиқ этиш арафасида турибмиз. Яъни 2023 йилги мавсумнинг 31 январига қадар клублар эски йиллар бўйича қарздорликни тўлиқ бартараф этмаса, уларга нисбатан янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш тақиқини қўйиш ёки бошқа санкцияларни қўллаш масаласи тез орада ЎФА Ижроқўмига киритилади. Европада бу одатий ҳол. Бизда эса айрим клублар эски қарзларни ёпмай туриб, янгиларини яратишга одатланиб қолган. Биз, албатта, буни ҳам тартибга солишимиз керак. Ҳозирги ҳолатда футбол клублари сметасини ЎФА билан келишаётгани ва йил якунида мана шу ҳолат бўйича ҳисоб бериши бу йўналишдаги биринчи қадам ҳисобланади, - деди ПФЛ раҳбари.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!