ФИФА "Навбаҳор"га санкциялар қўллаши, трансферларда тақиқ қўйилиши борасидаги хабарларга клуб расмий тарзда жавоб берди. Аслида вазият қандай?
Хабарингиз бор, 20 июль куни спортга ихтисослашган сайтлар ва ОАВда россиялик 63 ёшли мутахассис Алексей Ильич Беленковнинг Наманганнинг “Навбаҳор” клубида бош мураббий ёрдамчиси сифатида ишлагани, бироқ клуб ҳамда Беленков ўртасида 2023 йил 30 ноябрга қадар тузилган шартномани муддатидан аввал бекор қилингани ҳамда клуб ёрдамчи мураббийга шартнома бўйича пулларини тўламаганлиги, натижада мураббийнинг юристлари “Навбаҳор”га 150 минг АҚШ доллари тўлашни ва барча масала ёпилишини маълум қилишганини, аммо клуб бунга эътибор қилмаганлиги учун Алексей Беленков ФИФАга мурожаат қилганлиги, россиялик мутахассиснинг ҳуқуқларини SILA компанияси ҳимоя қилиши, “Навбаҳор” 30 кун ичида Беленковга 520 минг АҚШ доллари (тахминан 5 миллиард 300 миллион сўм) тўлаши шартлиги, акс ҳолда, ФИФА санкциялар қўллаши, булар трансферларни амалга оширишга тақиқ қўйиш, очколар олиб ташлаш ва қуйи лигага тушириб юбориш бўлиши мумкинлиги борасида мақола чоп этилди.
“Навбаҳор” ПФК россиялик мутахассис Алексей Ильич Беленков масаласига оид мазкур мақола юзасидан раддия билдириб, қуйидагиларни маълум қилади:
Алексей Беленков “Навбаҳор” жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган даврлари, яъни 2019 йилнинг cентябрь ойидан декабрь ойигача бўлган муддат учун клубдан ойлик маошларини тўлиқ олган.
Ўтган мавсум якунланганидан сўнг, “Навбаҳор” жамоаси аъзолари мавсумлар оралиғидаги қишки таътилга чиқишади. Шу муносабат билан Алексей Беленков ўз юрти Россияга жўнаб кетганди.
Шундан кейин янги йилдан сўнг, “Навбаҳор” жамоаси янги мавсумга тайёргарликни бошлади. Бироқ Алексей Беленков жамоа ихтиёрига етиб келмади. “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти ушбу россиялик мутахассис билан қўнғироқлашиб, жамоага қайтишини таъкидлади. Лекин Алексей Ильич “Навбаҳор”да фаолият юритмаслигини айтди.
Шу кунгача “Навбаҳор” ПФКнинг расмий электрон почтаси манзилига жамоанинг россиялик мутахассисдан қарзи борлиги тўғрисида ҳеч қандай хат жўнатилмаган ва жамоа бу борада огоҳлантирилмаган.
Шу боис, “Навбаҳор” ПФК Алексей Беленков борасидаги мақолада билдирилган ушбу мураббийга катта миқдордаги маблағ тўланиши борасидаги фикрларни асоссиз, деб ҳисоблайди ва мухлислардан тасдиқланмаган бундай хабарларга ишонмасликни сўрайди.
Фикрлар