Финалдан сўнг кўплаб қизиқарли фактлар билан танишинг!

Европа чемпионлар лигаси финали доирасида "Ливерпуль" - "Реал" жамоалари куч синашганидан хабарингиз бор. Унда "қироллик клуби" 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа ғолибига айланди. 

Ушбу беллашув якунига етгач, SPORTS.uz мухлислар эътиборига айрим қизиқарли фактларни ҳавола этади. Марҳамат, қуйида батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.

1. "Реал" бош мураббийи Карло Анчелотти чемпионлар лигасида энг кўп ғолиб бўлиш борасида яққол етакчига айланиб олди. Унинг ҳисобида 4 та "шалпангқулоқ" мавжуд. Ундан кейин келаётган Зинедин Зидан ва Боб Пэйсли 3 маротаба бу нуфузли турнирда зафар қучган.

2. "Реал" 14-бора ЕЧЛ(Европа чемпионлар лигаси) кубокини қўлга киритди. Бу мусобақа учун мутлақ рекорд натижа саналади. 2-ўриндаги "Милан" 7 марта кубок эгасига айланган. 

3. "Ливерпуль" бу мавсум ўзи иштирок этган 3 финал ўйинида бирорта гол ура олмади. "Челси"га қарши кечган Англия лига кубоги ва Англия кубоги финал баҳсида жамоа пенальтилар сериясига кўра зафар қучган.

4. "Ливерпуль" бош мураббийи Юрген Клопп ЕЧЛ финалларининг 3 тасида мағлубиятга учради. Бой берилган 3 финалдан иккитаси "Реал" томонидан қабул қилиб олинган. 

5. "Реал" АПЛ кучли учлигида бораётган учала жамоани ҳам таслим этди. Дастлаб 3-ўрин соҳиби "Челси", кейин чемпион "Манчестер Сити" ва финалда 2-ўрин эгаси "Ливерпуль" мағлуб этилди. 

6. "Қироллик клуби" 1-таймда бирорта аниқ зарба йўллай олмади. Биринчи бўлимдан сўнг умумуй зарбалар сони "Қизиллар" фойдасига 10:1 эди.

7. Карло Анчелотти фаолиятидаги 23-совринни қўлга киритди. Шунингдек, "Реал" билан 7-кубокни боши узра баланд кўтарди.

8. Мадридликлар посбони Тибо Куртуа бу мавсум ЕЧЛда 59 та сейв амалга оширди. Бу 2003-2004 йилги мавсумдан бери қайд этилган энг яхши натижа.

9. Испан клублари ЕЧЛда 19-маротаба ғолиб бўлди. Бу мусобақа рекорди саналади. 2-ўриндан 14 та ғолибликни қўлга киритган инглиз клублари жой олган. 

10. "Реал" охирги 9 та ЕЧЛнинг 5 тасида кубок эгасига айланди.

                                                                                                                                            Шоҳрух Зоиров тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!