Финалиссима тақдири нима бўлади?

Европа ва Жанубий Америка чемпионлари ўртасида ўтказиладиган Финалиссима учрашуви учун янги мезбон шаҳар изланмоқда. 

Маълумотларга кўра, Испания ҳамда Аргентина терма жамоалари ўртасидаги баҳс 27 март куни Милан шаҳрида ўтказилиши мумкин.

Ҳозирда ўйинни ўтказиш учун асосий номзод стадион - "Сан-Сиро" ҳисобланмоқда.

Дастлаб учрашувни Қатарда, яъни 2022 йилги жаҳон чемпионати финали ўтказилган “Лусаил” стадионида ташкил қилиш режалаштирилган эди. Бироқ Яқин Шарқда давом этаётган можаролар сабаб ФИФА янги жой излашга мажбур бўлди.

Сўнгги кунларда яна бир вариант сифатида "Сантьяго Бернабеy" стадиони ҳам тилга олинган. Бироқ Жанубий Америка футбол конфедерацияси - КОНМЕБОЛ ўйиннинг нейтрал майдонда ўтказилишини маъқул кўрмоқда. Чунки акс ҳолда бу Аргентина учун сафар ўйини бўлиб қолади.

Италия нашрларининг ёзишича, ҳозирда фақат икки вариант кўриб чиқилмоқда булар — Милан ва Лиссабон шаҳарларидир.

Логистика жиҳатидан Лиссабон ҳам қулай вариант ҳисобланади. Португалия пойтахти 2020 йилда пандемия даврида УЕФА Чемпионлар лигаси финал босқичига мезбонлик қилган эди.

Шунга қарамай, футбол мухлислари орасида "Сан-Сиро" стадионининг нуфузи ва атмосфераси ҳали ҳам энг жозибали вариант сифатида кўрилмоқда. Шу сабаб Финалиссима айнан Миланда ўтказилиши эҳтимоли юқори.

Қобулов Навруз

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!