Франция ва Англия иккитадан гол уриб, плей-оффга йўл олди! Фаворитлар шулармиди?

"Евро-2024" доирасида бир қатор гуруҳлардаги учрашувлар ўз якунига етди.

Жумладан, Франция терма жамоаси "D" гуруҳида 3 учрашувда жами 5 очко тўплаган ҳолда, иккинчи ўринни қўлга киритди. Ушбу гуруҳда кутилмаганда Австрия 6 очко билан бирини поғонани банд этди. Бундан ташқари, 4 очко тўплаган "учар голландлар" ҳам плей-оффга йўл олди. 

Қизиқарли томони шундаки, "D" гуруҳида рақиблари дарвозасига энг кам гол урган жамоа турнирнинг асосий фаворитларидан бири бўлган Франция терма жамоаси бўлди. Улар жами 2 та гол урди, шулардан биттаси автогол ва бири пенальтидан (Килиан Мбаппе томонидан) киритилди. Ҳатто мазкур гуруҳда сўнгги поғонани банд этган польяклар ҳам уч беллашувда 3та гол уришга муваффақ бўлди (Шунингдек Австралия 6 та, Нидерландия 4 та гол урди).

Шундай бўлса-да, ўтказиб юборилган голлар борасида французлар ўз квартетида энг яхшиси бўлди (1 та). Қолганларнинг ўтказиб юборган голлари эса Францияникидан анча кўпроқни (Австрия 4 та, Нидерландия 4 та, Польша 6 та) ташкил этди. 



Бундан ташқари, турнирнинг энг юлдузли ва энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланган Англия терма жамоаси ҳам мухлисларини анча хафа қилди. Инглизлар 3 та учрашувда худди французлар каби 2 та гол урди ва 1 та ўтказиб юборди. Фақат Саутгейт шогирдлари ўз квартетидан биринчи ўрин билан чиқиш миссиясини уддалади. 



Турнир аввалида ушбу икки терма жамоа кўпчилик мухлис ва мутахассислар томонидан мусобақанинг асосий икки фаворит термаси сифатида баҳоланаётганди. Ҳозирча улар кўрсатаётган ўйин, сермаҳсуллик ва натижалар кўпчиликнинг фикрига номутаносиб. Агар улар максимумини намойиш этмаса, аниқроғи келаси учрашувларда ўз ўйинига бироз темп ва сифат қўшмаса, ғолиблик ҳақида ўйлаш бироз қийин. 



Балки бу ҳам бир услубдир. Жамоалар минимализм ортидан бутун турнирни ютишни режа қилгандир. Гуруҳ босқичдан чиқиш улар учун у қадар ҳам қийин бўлмагани боис куч тежаган ҳолда ҳаракат қилишяпти, деган версия ҳам бор. Хуллас, версиялар турлича. Реалликда эса биз юлдузли таркибдан ясалган "ювошгина" жамоаларни кўряпмиз. 

 

Карим Худайқулов 
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!