"Футболчиларда иштиёқ жуда баланд" - "Андижон" ўйинчиси янги мавсумга тайёргарлик ва мақсадлар ҳақида
Олдин хабар берганимиздек, “Андижон”нинг Тожикистондаги йиғини якунланди. “Бургутлар” олдиндан ишлаб чиққан режасига биноан янги мавсум учун ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришмоқда. Эътибор бераётган бўлсангиз, жамоа аъзолари иккита мамлакатда таёргарлик жараёнларини олиб боришяпти. Аввалига Тожикистон бўлса, энди Туркияда йиғиннинг иккинчи босқичи олиб борилади. Бунинг учун клуб раҳбарияти томонидан барча шароитлар муҳайё қилиняпти.
Ўтган йилги таркибнинг ўзаги сақланиб қолинган. Бу эса жуда муҳим. 2023 йилги мавсумда ўз ўйинлари билан мухлисларни қувонтира олган ярим ҳимоячи Илҳом Абдуғаниев ҳам жорий йилги чемпионатга кўтаринкилик руҳи остида тайёрланмоқда. Чунки у ишқибозларнинг жамоадан умиди катта эканлигини яхши сезиб турибди.
Абдуғаниевни янги мавсумда янада порлаши кутилмоқда. Буни унинг ўзи ҳам ният қилган ва мақсади жиддий. Футболчи Тожикистондаги дастлабки йиғинда жамоадошлари каби ўз устида жиддий ишлади ва бу борада шундай деди:
“Авваламбор, бизни кузатиб келаётган мухлисларимизга алангали салом. Тожикистонда олиб борган йиғинимизга келсак, барчаси кўнгилдагидек ўтди ва фойдали бўлди, деб ўйлайман. Барчамиз масъулиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда жиддий ишладик. Мураббийлар ўзлари хоҳлаган шароитда машғулотлар олиб бордик. Айниқса, жисмонан, техник ва тактик томонлама ҳам яхшигина тайёрландик”.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, футболчилардаги кайфият ҳамда иштиёқ ҳам муҳим саналади. Бу борада “Андижон” ўйинчиларида барчаси аъло даражада. Абдуғаниев айнан иштиёқ масаласида қуйидагиларни айтди:
“Футболчиларда иштиёқ жуда баланд. Ҳар бир машғулотда ҳамма бор кучи билан меҳнат қилди. Жамоамизга янги қўшилган иқтидорли ёш ўйинчилар ҳам жуда яхши даражада киришиб кетишди. Янги мавсумга тайёргарлик кўриш ишлари ҳаммада юқори. Шуни аниқ айта оламанки, ўтган йилги кўрсатган натижамизни янада яхшилашга ҳаракат қиламиз”.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, янги мавсумдан ҳам ишқибозларнинг севимли жамоасидан умиди катта, бу турган гап. “Бургутлар” ва шу жумладан Абдуғаниев ҳам ўз кучини кўрсата олишига ишонамиз.
“Янги мавсумдан кўп нарсаларни кутяпман. Жамоамизни бу йил юбилей 60 йиллиги ва биз футболчилар қўлдан келганича юқори ўринни эгаллаб мухлисларимизни хурсанд қилишга астойдил ҳаракат қиламиз. Умумий қилиб айтганда, бизни жамоа жуда ажойиб. Аҳил ва иноқ. Насиб қилса, бу йил юқори ўринларга кураша оламиз”, - дея қўшимча қилди Илҳом.
Фикрлар