Футзал бўйича Ўзбекистон U-20 термаси Тошкентда Эрон ёшларига қарши иккита назорат ўйини ўтказади

 

Футзал бўйича Ўзбекистон U-20 терма жамоаси шу йилнинг 29–30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Эрон U-20 термасига қарши иккита назорат учрашувини ўтказади.

Мазкур беллашувлар 2017 йилнинг 16–26 май кунлари Таиландда, тарихда илк маротаба ўтказиладиган U-20 Осиё чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон термасидан ташқари футзал бўйича қитъа биринчилигида Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)га аъзо 21 мамлакат терма жамоаси иштирок этади.  

30 март куни бўлиб ўтган қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон U-20 термаси “С” гуруҳидан жой олди ва плей-офф йўлланмаси учун Қатар, Ливан, Мьянма ва Гонконг ёшларига қарши баҳс олиб боради.

Маълумот учун, футзал бўйича Ўзбекистон U-20 терма жамоасига испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендез бош мураббийлик қилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!