Футзал, ОЧ–2018. Ўзбекистон терма жамоаси бугун Эрон билан куч синашади

 

Хабарингиз бор, футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Хитой Тайпейида давом этаётган Осиё чемпионати чорак финалида Вьетнамни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Бугун, 9 февраль куни Баҳодир Аҳмедов шогирдлари ярим финал доирасида Осиёнинг амалдаги чемпиони Эрон билан куч синашади. Кечаги эришилган ғалабадан кейин Миллий Олимпия қўмитаси президенти, ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг табриги ва далдасини олган футзалчиларнинг кайфияти аъло даражада.

Бўлажак ўйин олдидан дам олиш куни берилмаган бўлса-да, мураббийлар штаби Эроннинг ўйинини таҳлил қилиб чиқди ва ўйин олдидан футзалчиларга рақибнинг ўйинидан видеолавҳалар кўрсатилади.

Номинал мезбон сифатида қайд этилган Эрон оқ рангли формаларда ўйнайди. Ўзбекистон терма жамоаси бугун кўк либосларда майдонга тушади.

Эслатиб ўтамиз, Эрон – Ўзбекистон учрашуви бугун, 9 февраль куни Xinzhuang Gymnasium спорт мажмуасида ўтказилади. Учрашув Тошкент вақти билан 16:00 да бошланади.