Фузайлов истеъфога чиқди

Тожикистон чемпионатида дастлабки мураббийлар истеъфоси юз берди. Мамлакатнинг энг совриндор мураббийларидан бири саналадиган Муҳаммаджон Ҳабибуллаев бунгача “Кўктош” клубини бошқариб келган Раҳматилло Фузайловнинг ўрнини эгаллади.

Фузайлов қониқарсиз натижалари учун ўз хоҳиши билан истеъфо берди. Тожикистон чемпионатида ўтказилган 8-тур ўйинларидан сўнг, “Кўктош” 9 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалининг 7-поғонасини банд этиб турибди.

55 ёшли Ҳабибуллаев эса бунга қадар “Регар ТадАЗ” жамоаси билан олти бор шоҳсупага кўтарилган. Шунингдек, у “Равшан”, “Хосилот” каби клубларда ҳам ишлаган. Бундан ташқари, ўз вақтида Тожикистон ёшлар терма жамоасини бошқарган.

41 ёшли Раҳматилло Фузайлов эса ўзбекистонлик мухлисларга яхши таниш. У футболчилик фаолияти давомида “Нефтчи”, “Самарқанд”, “Бухоро” каби жамоаларда тўп сурган. Унинг акаси Ҳаким Фузайловни ҳам ишқибозларимиз яхши эслашади. У мураббийлик фаолияти мобайнида юртимизда “Бухоро”, “Динамо”, “Андижон” ҳамда “Локомотив” клубларида бош мураббийлик қилган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)