Фёдоров энг кучли ўзбек футболчилари, аргентиналик форвард билан суҳбат, ўзбегим таомлари ва оиласи ҳақида гапирди (2-қисм)

Андрей Фёдоров ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида улкан ютуқларга эришган мутахассис. Россия оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамюртимиздан фаолияти ва ҳаёти ҳақида интервью олди.

Sports.uz  портали эътиборингизга ушбу интервьюни ҳавола этмоқда.

Фёдоров футболимизнинг Россияникидан кучли жиҳатлари, ёшларнинг камчилиги, Шомуродовнинг Роналдуга ўхшаш хислати каби қизиқ мавзуларда гапирди (1-қисм)

 

- Ўзбек футболи тарихидаги энг истеъдодли уч футболчи ким?

- Биринчи ўринда Миржалол Қосимов. Ундан аввалроқ ўйнаган Геннадий Красницкий ва Бирадор Абдураимов.

267477_680_1

- Тошкентда ҳаёт қандай?

- Карантин даврида унчалик эмас. Ярим йилдан бери бу ерда ёлғиз қолиб кетдим, оилам Москвада. Психологик томондан қийин. Умуман олганда эса, Тошкентда ҳаёт яхши.

- Сизга у ерда кўпроқ нима ёқади?

- Тошкент, бутун Ўзбекистон иссиқ ўлка, одамларининг бағрикенг, дўстпарвар. Одамлар бир бири билан яхши муносабатда.

- Тошкентни Россиянинг бирон бир шаҳри билан солиштирса бўладими?

Билмадим. Балки Қозон билан солиштиришим мумкиндир.

- Иссиқ зериктирмадими?

- Нимасини айтасиз! Бу янги келганларга дарров билинади. Жамоамда легионерлар бор, ана улар ҳаммадан кўп қийналади. Ўзбекистондаги жазирама инсон организмига таъсир ўтказа олади. Мен бу ерга 20 йиллик танаффусдан сўнг 2014 йили келганимда, мослашиб олишим жуда қийин кечган.

- “Локомотив”да легионерлар бор, дедингиз. Улар кимлар?

Ҳозирги таркибда Кирилл Погребняк, черногориялик Славко Дамьянович ва грузиялик Кахи Махарадзе бор. Кахи ўн йилдан буён Ўзбекистонда яшайди, у об-ҳавога кўникиб кетган.  Қолган йигитлар қийналяпти, лекин мен уларни огоҳлантирганман. Улар баъзан олдимга келиб “Нафас олиб бўмаяпти, қандай машқ қиламиз?”, деб сўраб қолишади. Юқори ҳарорат ҳақиқатан ҳам одамнинг кучини олиб қўяди.

maxaradze-loko

- Дунёга машҳур ўзбек таомлари ҳақида сўрамасам бўлмайди. Нима дейсиз?

- У дунёда энг зўри!

- Бизга қайси таомларни тавсия қиласиз?

- Палов бўлиши аниқ. Кейин қозон кабоб. Албатта, сомсани ҳам татиб кўриш керак. У жуда мазали.

- Ўзингиз ҳам бирор нима тайёрлай оласизми?

- Кўп нарса пишира оламан. Карантин вақтида ўзим учун кўп таомларни кашф қилдим. Асосан, сархил сабзавотлардан тайёрланадиган парҳезбоп таомлар.

e8cd6bb8304e42289ca7afe1abece4b65ef76f063f431884705814

- Ўзбекларнинг энг мазали десерти қайси?

- Қовун ва тарвуз. Мен помидорни ҳам қўшган бўлардим. Мен учун яхши пишган ўзбек помидоридан зўри йўқ.

- Оилангиз сиздан узоқда. Улар ҳақида ҳам билмоқчи эдик.

- Бажонидил. Турмуш ўртоғим Светлана билан оила қурганимизга бу йил 27 йил бўлади. Мени ҳар бир масалада доим қўллаб-қувватлаб келаётган ажойиб инсон.

58ae8ef0323f158b26e0fe5336daa8575ef76d20e4634429081732

Тўнғич ўғлим Никита 26 ёш. Ўзбекистонда туғилган. Спорт юристи. Москванинг “Локомотив” жамоасида ишлайди. Шу билан бирга Россияда киберспорт билан шуғулланмоқда.

Кичик ўғлим Алексей Москва давлат университетида иқтисодиёт факультетида ўқийди. Ўз кучи билан бюджетга кирди. Биз буни Ғалаба куни сифатида нишонлаймиз.

a3f5ecec1025ce18e6ca241e5439bd315ef76c97ad38d681416946

- Россияга тез-тез бориб турасизми?

- Эпидемиягача ойига икки марта борардим. Баъзан оиламдагилар ўзлари келарди. 2 январдан бери боролмаяпман.

- Бир неча йилдан бери мустақил иш юритяпсиз. Кимларни устоз, деб биласиз?

- Биринчи навбатда Юрий Саркисянни. У мени Фарғонада шуғуллантирган. Кўп нарсани Қурбон Бердиевдан ўргандим. Унинг қўл остида узоқ тўп сурди ва ишладим. Нафақат ундан, балки унинг ёрдамчиларидан ҳам анча нарсаларни ўзлаштирдим. 

- Сизнингча, мураббийликда энг муҳим нарса нима?

- Футболчилар билан тил топишиш. Pro категориясига ўқиганимда бежизга футбол психологияси мавзусини танламаганман. Ўйинчини психологик томондан кучайтиришнинг кўп усуллари бор, лекин сен ўз ғояларингни футболчига тушунтириб беролмасанг, ҳеч нарсага эришолмайсан. Шунинг учун мураббий доим ўйинчилар билан тил топиша олиши, мулоқот қила олиши керак.

- Россияда ҳозир энг яхши мураббий ким?

Бу масалада, ким қайси жамоани шуғуллантираётгани муҳим. Футбол машғулотлари деярли бир хил, лекин жамоалар турлича ўйин кўрсатади. Ҳаммаси қўл остингда қандай ўйинчилар жамланганига боғлиқ.

Натижалар бўйича Сергей Семакни эътироф этган бўлардим. Менга Валерий Карпин қўл остидаги “Ростов”нинг ўйини ҳам ёқмоқда. Ҳозир “Сочи”да ишлаётган Владимир Федотов ҳам жамоа шакллантиришни яхши билади.

large_25

- Уларнинг бирортаси билан алоқангиз борми?

- Ҳа. Семак ва  Федотов билан ижтимоий тармоқларда ёзишиб турамиз.

- Россия футболчини диққат билан кузатиб борасизми?

- Жонли трансляцияларни томоша қиламан. Ўхшамай қолса, интернетдан фойдаланаман.

- Қайси жамоа ёқади?

- Ростини айтсам, “Рубин” ва ЦСКА. Уларни анчадан бери яхши кўраман.

- Нима деб ўйлайсиз, Леонид Слуцкий Қозонда ишлай оладими?

- Агар унга у хоҳлаган футболчиларни олиб келиб беришса, ишлай олади. Доим айтаман, ҳар бир мураббийда фикр, ғоя бўлади. Уларни амалга оширишни истайди, лекин бунга эришиш учун керакли футболчилар бўлмаса, ғояларини рўёбга чиқара олмайди.

- “Рубин”дан қандай хотиралар қолган?

- Ажойиб хотиралар бор. Мен бу жамоанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига обуна бўлганман ва доимо улар ҳақида мамуният билан ўқиб бораман. Ҳозир ҳамма нарса ўзгарган. Мен ҳозирги футболчилардан ҳеч кимни танимайман, лекин мураббийлар Сергей Козко, Олег Кузьмин, клуб академиясида ишлаётган мутахассислар билан ҳамон алоқадаман. “Рубин”даги янгиликлардан онлайн тарзда хабардорман.

- Фаолиятингиздаги энг ёрқин учрашув қайси?

1994 йили Хиросимадаги Осиё ўйинлари финали. Ўзбекистон – Хитой 4:2. Мен 23 ёш эдим.

Uzbekistan-94-adidas-uniform-blue-white-white

- Сиз билан ўйнаган энг зўр футболчи ким?

- Саво Милошевич, у билан фаолиятимиз “Рубин”да кесишган. У оташин сўзлари билан жамоани қўзғата оларди ва мен унинг сўзларини бир умрга эслаб қолганман. Саво кучли шахс.

2008 йилда “Рубин” яхши ўйин кўрсатолмай қолган паллада, бир ўйиндан олдин у болаларга: “Мен кўп жойда – Англия, Испания, Италияда ўйнадим, мени юлдуз деб билишади, мен эса оддий футболчиман. Мен ҳеч қачон чемпион бўлмаганман. Бу мен учун орзу. Ҳозир уни рўёбга чиқариш учун имкон бор. Йиллар ўтганидан кейин буни нима эканини тушуниб етамиз”, - деган эди. У Россия чемпионатини паст кўрмади. Унинг чақириғи бизга туртки бўлди. Унинг сўзлари менга қаттиқ таъсир қилди.

- Эски жамоадошлардан бирортаси билан алоқа қилиб турасизми?

- Кўпчилик билан. Ҳатто Чори (Алехандро Домингес – “Рубин”нинг собиқ ҳужумчиси) билан ҳам ижтимоий тармоқ орқали алоқадамиз.

images-2910-1538223013

- У аргентиналикку, қайси тилда мулоқот қиласиз?

- Google таржимон борку. Макбет Сибайя билан ҳам кетганидан кейин беш йил гаплашиб турдик. Кейин йўқолиб қолди.

- Фаолиятингизда афсус чекадиган бирон нима борми?

- Йўқ. Бирорта нарсани бошқача қилганимда кейин нима бўлишини ким билади? Йўқ. Афсус қилмайман. Мен 38 ёшимгача кучли клубларда юқори марралар учун курашдим. Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам.

- Футболни атрофидаги ҳаёт қизиқми?

- Мен учун биринчи ўринда оилам туради. Мен футбол ўйнашни тўхтатганимда оилам учун вақтим кўп бўлади, деб ўйлагандим. Лекин ҳаммаси тескари бўлиб чиқди.

- Дам олиш кунингиз қандай ўтади?

- Мавсум давомида дам олиш куни йўқ. Ўйин ва машғулот бўлмаган кунлари, уйда ўйинларни таҳлил қиламан, ўзимизнинг ва рақибларнинг ўйинини томоша қиламан. Охирги учта ўйинни, албатта, бирма бир кўриб чиқаман. Айниқса, ҳозир жадвалимиз жуда тиғиз. Оилам ёнимда бўлса бирор жойга чиқишимиз мумкин эди, чалғигани.

- Тошкентда дам оладиган жойлар борми?

- Албатта, шаҳарда қизиқарли жойлар, парклар, хиёбонлар кўп. Уларда ажойиб аттракционлар, кафелар бор. Шаҳар ташқарисига ҳам чиқиш мумкин. Унчалик узоқ бўлмаган жойларда чиройли кўл ва тоғлар бор. Дам олишга шароит етарли.

- Одатда, таътилда қаерга борасиз?

- Ишонмайсиз, охирги бор таътилга 2007 йили чиққанман. Оиламиз билан Кубага борганмиз. Яна бирор жойга бориб келиш керак.

- Жазирамадан қандай қилиб чанқоқни қондириш мумкин?

- Биринчи навбатда, қуёшда кам юриш керак. Иккинчидан сув ичиш керак. Лекин бирдан кўп ичиб бўлмайди. Доим ёнингизда сув олиб юришингиз керак. Секин-секин ичасиз. Организмни зўриқтириб қўймаслик муҳим.  

- Чой ичиш керак, демадингиз?

- Эээ, бу бошқа масала. Чойни уйда, оила ёки дўстлар даврасида ичиш керак. Айниқса, кўк чой чанқоқни яхши қондиради.

- Ўзингиз ва дўстларингизга нима тилайсиз?

- Ким спортда ёки машғулотда бўлса, омад ва муваффақият. Бу қийин йўл, шунинг учун ҳаммага сабр-қаноат тилайман. Нима бўлишидан қатъи назар, натижа қандай бўлса ҳам, биз эрталаб уйғониб, яна ўз ишимизга жиддий ёндашишимиз керак. Касбимиз бошқа муносабатни кўтармайди. Ҳамма нарсани 100 фоиз бажариш шарт.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!