"Ғалабага лойиқ эдик" - Фарҳод Соҳибжонов "даҳшатли" голи ва водий дербиси ҳақида нималарни айтди?

7-тур доирасида ўтказилган “Нефтчи” – “Андижон” учрашуви ҳали ҳамон қизғин муҳокама қилинмоқда, албатта яхши маънода. Бундай ўйин фонида Ўзбекистон чемпионатининг даражаси ҳам кўтарилиб бораётгани кўриняпти.

Айниқса, “Андижон” футболчиси Фарҳод Соҳибжонов томонидан урилган гол нафақат Ўзбекистон, балки бошқа мамлакатларда ҳам ҳайрат билан қарши олинмоқда. Трендга айланган Соҳибжонов “Андижон” матбуот хизматига интервью берди.

- Фарҳод сиз қандай гол урганингизни биласизми? Ҳаммани оғзида сизнинг голингиз...Бу қандай содир бўлди?

- Тўғриси, ўйинни ичида бунчалик гол урганимни билмагандим. Ўйин ҳарорати баландлиги учун эътибор бермадим. Омад келди.

- Голингизни видеотакрорда кўрганингизда нималарни ўйладингиз?

- Жуда хурсанд бўлиб кетдим. Бундай гол уриш фаолиятимда содир бўлганидан Аллоҳга шукр, дейман.

- Ҳамма Златан Ибрагимовнинг голи билан таққослашни бошладилар. Сиз ҳам кўргандирсиз. Златан каби гол уриш қанақа экан?

- Ҳа, кўрдим. Ўзингизни бундай ҳис қилиш, тўғрисини айтсам, жуда ёқимли экан.

- Бу "йил голи" бўлади, деб ўйлайсизми?

- Худо хоҳласа, бундан ҳам чиройли гол уришга ҳаракат қиламан.

- Умуман, водий дербиси қандай таассурот қолдирди? Ғалабага яқин эдинглар. Нима етишмади, охирида?

- Ҳа жуда яқин келгандик. Ҳаммаси Аллохдан, шунақа бўлиш керак экан ва шу нарса бўлди. Қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик.

- Фарғонадаги дуранг адолатлими?

- Билмадим, менимча, ғалабага лойиқ эдик.

- "Андижон” ва унинг мухлислари янги даражага чиқиб олдилар. Буни қанчалик ҳис қиляпсиз ва сиз яна бу ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Албатта, мухлисларга каттакон раҳмат. Бизни қаерда бўлсак ҳам ёлғиз ташлаб қўйишмаётгани учун миннатдормиз. Мухлислар билан биз бир кучмиз.

- Энди “Металлург” келади. Бу ўйинга тайёргарлик қандай бўлади?

- Майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!