Ғалабасиз қолган жамоалар ёхуд Суперлигада аутсайдер ва фаворит тўқнашуви

Бугун Суперлигамизда 9-турга старт берилади. Сиз билан бизни яна бир-биридан қизиқарли, муҳим учрашувлар кутяпти. Ўйинлар 24-27 май кунлари давомида бўлиб ўтади. Қуйида 7 та жуфтлик ҳақида тўхталамиз.

24 май

19:00. “Металлург” – “Навбаҳор”

Бу сафарги тур ўйинлари Суперлигада пешқадам бўлиб турган ҳамда охирги ўринда бораётган жамоалар ўртасидаги ўйин билан бошланади. Маълумот учун, “Металлург” 7 та ўйинда (битта захира учрашуви бор) 4 дуранг ва 3 мағлубият билан 4 очко тўплаган ҳолда 14-поғонада, “Навбаҳор” эса 7 та ўйинда (битта захира учрашуви бор) 4 ғалаба ва 3 дуранг билан 15 очко жамғариб 1-ўринда. Кўрганингиздек, “Металлург”да ҳали ғалаба йўқ, “Навбаҳор”да бўлса мағлубият. Олмалиқда ўтадиган ўйинда бекободликлар илк ғалабаси учун курашади. Самвел Бабаян бошчилигидаги наманганликлар эса пешқадамликни мустаҳкам қилиш учун ғалабали сериясини давом эттириш ҳаракатида. Бундай учрашувни кузатиш қизиқ, албатта. “Металлург” турдан-турга ўйинини яхшилаяпти, бош мураббий Веско Стешевич эса Андижондаги дурангдан кейин ғалабага оз қолганини айтди. Лекин фаворит “Навбаҳор”.

19:30. “Олимпик” – “Андижон”

Тимур Кападзе жамоаси бу турда “Андижон”ни қабул қилади. Ўтган турда “Олимпик” Қаршида “Қизилқум”ни 2:4 ҳисобида енгиб қайтди. Андижонликлар эса ўз уйида “Металлург” билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Ҳозирча ўзаро ўйинларда устунлик “Андижон”да. Чунки “Олимпик” “Бургутлар”ни енгга олганича йўқ. Хомяков жамоаси учта турдан бери ютолмаётганини ҳисобга олсак, улар “Жар”даги стадионда фақат уч очко учун курашиши шубҳасиз. Имкониятлар меҳмонлар фойдасига 45\55.

25 май

19:00. “Пахтакор” – “Қизилқум”

Амалдаги чемпион ўтган турда Жиззахда “Динамо”га қарши беллашувда ғалабани қўлдан чиқариб юборди ва уйга бир очко билан қайтди. “Қизиқум” эса “Олимпик”га 2:4 натижасида енгилди. Навоийликлар чемпионатни бирин-кетин иккита ғалаба билан бошлаганди. Шундан бери улар ютолмаяпти. 3 тадан дуранг ҳамда мағлубият қайд этди. “Пахтакор” ҳам ҳозирча ўзининг ҳақиқий ўйинини кўрсата олаётгани йўқ. Шуни ҳисобга олганда албатта “Қизилқум”да очко билан қайтиш имконияти бор. Қолгани жамоаларнинг қанчалик пухта тайёргарлик кўрганига боғлиқ. Имкониятлар 50\50.

19:00. “Насаф” – “Динамо”

Қаршида яхши ўйин бўлади. Иккала жамоани ўйини бир-бирига яқин ва ўхшаш. Улар ҳимоявий футболни хушламайдилар. “Динамо” кетма-кет дуранг натижалар қайд этиб келяпти. “Насаф”ни биласиз, ҳозирча 15 очко жамғариб, мусобақа жадвалида “Навбаҳор” билан қўшҳокимлик қилиб турибди. Голларга бой ўйин кўрсак ажаб эмас.

26 май

19:00. “Нефтчи” – ОКМК

“Нефтчи”да молиявий томондан муаммолар борлиги ҳақида гапиришяпти. Фарғоналиклар сўнгги бор 3-тур доирасида 15 март куни ўз уйида “Металлург”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Шундан бери улар 2 дуранг ва 2 мағлубиятга учрадилар. 11 очко билан 6-ўринга тушиб қолдилар. 4 ўйиндаги ғалабасиз сериядан кейин “Нефтчи” ўз уйида ишқибозлари қаршисида қандай натижа қиларкин? Рақиб эса охирги иккита турда ютиб келаётган Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК клубидир. Албатта, чемпионлик учун курашаётган “Нефтчи”нинг ғалабасиз серияга барҳам бера олмаётгани мухлисларига ёқмаяпти. Ҳозирча имкониятлар тенг.

19:30. “Сўғдиёна” – “Бунёдкор”

“Сўғдиёна”га бош мураббийлик қилаётган Иван Бошкович ва унинг жамоаси яна бир бор собиқ клуби – “Бунёдкор”га қарши ўйнайди. Чемпионатни муваффақиятсиз бошлаган “Қалдирғочлар” ниҳоят ўтган турда “Локомотив”га қарши ажойиб ўйинда 3:2 ҳисобидаги оғир ғалабани қўлга киритишди. Бу ғалаба уларга қанчалик кайфият бағишлагани ва руҳиятини кўтарганини Жиззахдаги баҳсда биламиз.

27 май

19:00. “Локомотив” – “Сурхон”

“Локомотив” 5 та турдан бери ютолмаяпти. Охирги 4 та ўйинда эса рақибларига ютқазиб келяпти. Навбатдаги рақиби анча жиддий. “Сурхон” тўп билан жуда яхши муомала қиладиган курашувчан жамоа. “Локомотив” муваффақиятсиз учрашувлардан кейин бош мураббий Стоймировичнинг курсиси қимирлаб қолди, деган гаплар ҳам йўқ эмас. “Локо”ни энди дуранг ҳам қониқтирмайди. Ўйин бўйича “Сурхон” яхшироқдек кўринмоқда. Қолганини ўйин куни билиб оламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
24/05/2024 15:45
Олга Андижон омад сизларга
ишбобоев жума
24/05/2024 14:59
Олга Сурхон!!! Биз Сизларга ишонамиз.
Бекмурзо
24/05/2024 14:31
Олға навбаҳор омад ёр бўлсин илохим омин.