Галымбек Кенжебаев: "Биз ўзбек боксчилари билан муносиб жанг қила олганмиз ва оламиз ҳам"
Хабарингиз бор, яқиндагина Иорданиянинг Амман шаҳрида бокс бўйича лицензион мусобақа якунига етди. Мазкур турнир муносабати билан Sports.kz сайти Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи Галымбек Кенжабаев билан суҳбат уюштирди.
Мазкур суҳбат мобайнида ўзбек боксчилари ҳақида сўз юритилганлиги ҳамда боксчиларимизнинг бир неча йиллардан буён йирик турнирларда ён қўшниларимизни ортда қолдираётганлиги борасидаги саволлар ўрин олганлиги учун ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
- Галым Калиевич терма жамоанинг лицензион турнирдаги иштирокини қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Турнир ҳаяжонли ва ўз ўрнида қийин бўлди. Биринчи кунданоқ жанглар осон кечмади. Чунки барча жамоалар яхши тайёргарлик кўриб келгандилар. Йўлланма ва рейтинг очколари учун жиддий кураш кечди.
- Василий Левит ва Бекзат Нурдаулетовнинг ғалабаларини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Анчадан буён йирик турнирларнинг юқори шоҳсупасига кўтарила олмаётган Василий Левит ва Бекзат Нурдаулетов ўзларининг ишончли жанглари билан бизни хурсанд қилди.
- Филиппинлик Эумир Марсиаль устидан финалда ғалаба қозониш учун Абилхан Аманкулга нима етишмади?
- Биринчидан унда жароҳат бор эди. Иккинчидан бир-икки йил йирик мусобақаларда иштирок этмаганди. Бу турнир Абилхан учун 2018 йилги Қозоғистон чемпионатидан сўнг, катта турнирлардаги дастлабкиси эди. Албатта, Абилхонга жисмоний ҳолат бироз панд берди. Умуман олганда жанг тенг курашлар остида ўтди.
- Бунга қадар, Екатеринбургдаги жаҳон чемпионатида бошқа бир вакилимиз Турсунбой Қулахмет филиппинлик боксчига имкониятни бой берган эди. Нима учун, бизни боксчиларимиз уни енгиш калитини топа олишмаяпти?
- Филиппинлик жисмоний жиҳатдан жуда бақувват ва ҳар икки қўлида ажойиб зарбалар йўллай олади. Буни жорий турнирда исботлаб, бир нечта жангларини муддатидан аввал тугатди. Аманкул билан жуда оғир жанг ўтказди. Бир-бирига оғриқли зарбаларни ўтказа олди ва бунга чидадилар, зарбаларни кўтара олдилар. Бор кучларини бериб, якунда чарчаб қолишди. Марсиаль жуда кучли боксчи. Сўнги жаҳон чемпионатининг кумуш медаль соҳиби.
Ўшанда у россиялик Глеб Бакши билан финал жангида ғалаба қозониб турган вақтида битта кучли зарба ўтказиб юборди ва бу жанг натижасига таъсир қилганди. Барча уни жаҳон чемпиони бўлади деб ўйлаб туришган эди. Бу вазн тоифасида Олимпиадада жуда қийин бўлади. Александр Хижняк, Глеб Бакши, Абилхан Аманкул, Эумир Марсиаллар ўртасида рақобат жиддий кечади. Аманкулда ўзининг жисмоний ҳолатини тиклаб олиш учун ҳали вақт бор.
- Ҳал қилувчи жангда Закир Сафиуллин ўзбекистонлик Элнур Абдураимовга ютқазиб қўйди. Бу жанг ҳақидаги таассуротларингиз қандай?
- Жанг тенг курашлар остида ўтди. Лекин рақиб, тоза жанг кўрсатмади. Ҳисоб 2:3 кўриниш олди. Ҳакамлар ўзбек боксчисини ғолиб деб топдилар.
- Бош мураббий сифатида Екатеринбургдаги жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони Турсунбой Қулахмет терма жамоани тарк этганидан афсусланяпсизми?
- Кулахмет ўтган мавсум жуда яхши натижалар қайд этди. Исроил Мадримовни енгиб, Осиё чемпиони бўлди. Екатеринбургдаги жаҳон чемпионати совриндорига айланди. Албатта, терма жамоада бундай боксчиларга эга бўлиш яхши лекин “вақт масаласи”бор. Уларни ҳам тушуниш мумкин. Чунки инсонлар олдинга ҳаракат қилишни хоҳлайдилар. Вақт ўтаверади, шунинг учун ҳар бир инсон ўзини кўрсатишни, нимагадир эришишни истайди. Бу унинг танлови. Мен афсусланаманми ёки йўқми, бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
- Абылайхан Жусупов ўз юришини ярим финал остонасида тўхтатганлиги борасидаги фикрингиз қандай?
- Жусупов турнирга умуман мос тушмади. Лекин жанг яхши бўлди. Раунд якунида Абылайхан яхши ҳаракат қилганди. Лекин натижа шундай бўлиб қолди.
- Қамшибек Кункабаевнинг жароҳати қай даражада жиддий?
- Қўлидан жароҳат олди. Энг муҳими бошидан олгани йўқ. Мени фикримча қолган барчаси тузалиб кетади ва ҳаммаси яхши бўлади. Шунчаки қўли шишиб кетди. Шу сабабли жанг қила олмади.
- Медаллар сони бўйича принципиал рақибимиз Ўзбекистон терма жамоасидан ўзиб кетган бўлсак-да, умумжамоа ҳисобида яна ортда қолганлигимиз аламли бўлдими?
- Ҳаммасини битта жанг ҳал қилди. Агар, ҳакамларнинг қарори ўзгача бўлиб, ғалабани Закирга беришганда биз биринчи ўринда бўлардик. Бундан фожеа ясамаяпмиз. Энди буёғига ишлаш керак. Биз яқин келажакда Ўзбекистонни қувиб ўтамиз. Чунки, бунга салоҳиятимиз етади ва маҳоратли ёшларимиз ҳам бор. Бошқа тарафдан қараганда бу бизга бўшашмаслигимизга ва янада жиддий ишлашимизга ўзига хос мотивация беради. Ринг кўрсатдики, биз ўзбек боксчилари билан доимо, муносиб жанг қила олганмиз ва оламиз ҳам.
- Умуман олганда ўтказилган турнирдаги ҳакамлик борасида нима дея оласиз?
- Ҳакамлик ёмон бўлмади. Бизнинг фойдамизга ишлашди деб ҳисобламайман. Лекин ғалаба қозонишимиз керак эди. Йигитларга биз ҳакамларда иккиланишлар қолдирмаслиги учун доимо, рақибларидан бир бош устун бўлишларини айтиб келамиз. Тенг жанг ҳакамларда қандайдир сабабларни юзага келтириши мумкин. Албатта, қаердадир норозилик билдирсак бўларди. Бироқ бокс субектив спорт тури бўлиб, унда ҳар кимнинг ўз фикри бўлади.
Доимо, бизнинг олдимизда боксчиларимиз жангни чиройли ўтказиб, рақибларидан устунлик қилишлари учун бокс сифатини ошириш вазифаси туради. Шу устида ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Лекин бошқалар ҳам жойида қотиб қолгани йўқ. Осонгина ғолиб чиқиш учун хеч ким сенга йўл бермайди.
Манба: Sports.kz
Фикрлар