Гандбол. "Мустақиллик кубоги" ОКМКга насиб этди
Хабар берганимиздек, 12-18 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Республика Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида гандбол бўйича эркаклар ўртасида 31-бор ташкил этилган анъанавий “Мустақиллик кубоги” халқаро турнири бўлиб ўтди.
Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, мусобақада Россия ва Қозоғистон давлатларидан ҳам жамоалар иштирок этишди ва бу ўз ўрнида учрашувларнинг қизғин кечишини таъминлади.
Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон гандбол федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур турнирнинг эркаклар ўртасидаги баҳслари ғолиблиги ҳам Тошкент вилоятининг ОКМК жамоасига насиб этди. Андижон вилоятининг “Савай” жамоаси эса 2-ўринни эгаллаган бўлса, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университути жамоаси кучли учликни якунлаб берди.
Эслатиб ўтамиз, 5-11 сентябрь кунлари мазкур мусобақанинг аёллар ўртасидаги баҳслари ҳам бўлиб ўтган эди. Унда финал учрашувида Самарқанд вилояти жамоасини 44:33 ҳисобида мағлубиятга учратган ОКМК (Тошкент вилояти) жамоаси чемпионликни тантана қилган бўлса, 3-ўринни “Турон” (Қозоғистон, Туркистон) жамоаси эгаллаган эди.
Фикрлар