Гандболчиларимиз Ҳиндистонда порлаяпти...

TIGGO 2 PRO

Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида гандбол бўйича ўтаётган U-18 ўсмирлар ва U-20 ёшлар жамоалари ўртасидаги Халқаро гандбол федерацияси кубогининг Осиё қитъаси босқичи иккинчи кунги баҳслари мамлакатимиз жамоалари учун муваффақиятли кечди.

Мусобақанинг Қозоғистон U-18 ва Ўзбекистон U-18 ўсмирлар терма жамоалари ўртасида ўтган ўйинда ўзбекистонлик ёш гандбол усталари биринчи бўлимда 19:14, умумий ҳолатда 43:34 ҳисобида ғалабага эришди.

Айтиш лозимки, ушбу жамоалар ўтган йили Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида  IHF кубогининг III Осиё минтақаси босқичининг финалида ҳам куч синашганди. Ўшанда ҳамюртларимиз 50:41 кўринишида ғалабани тантана қилган.

Иккинчи кунги мусобақаларда Ўзбекистон U-20 ёшлар жамоаси ҳам рақибларидан устун эканини намойиш этди. 

Бангладеш вакилларини биринчи бўлимда 15:3, умумий ҳисобда 37:12 ҳолатида доғда қолдирган гандболчиларимиз Халқаро гандбол федерацияси кубогида иштирок этиш сари муҳим қадамни ташлади.   

Бугун, 5 январь куни Ўзбекистон U-20 жамоаси қозоғистонликлар билан рўбарў келади. 

Таъкидлаш жоизки, ушбу жамоалар 2024 йилнинг июнь ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган  IHF кубоги III Осиё минтақаси босқичида куч синашиб,  вакилларимиз 38:34 ҳисобида ғалабага эришганди.

Бугун шунингдек, Ўзбекистон U-18 ўсмирлар жамоаси бангладешлик тенгқурларига қарши майдонга тушади.

Эслатиб ўтамиз, эртага 6 январь куни ярим финал ўйинлари, 7 январь куни эса 3-ўрин ва финал учрашувлари бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!