"Ғиждувон" бош мураббийи: "Тўғриси, дурангни кутмагандик"

  • 2 апрель, 2022, 18:23
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Муборакда “Ғиждувон” – “Андижон” (1:1) ўртасидаги учрашув якунлангач, матбуот анжумани ўтказилди. Унда дастлаб “Ғиждувон” бош мураббийи Баҳодир Шоймардонов қатнашди.

- Авваламбор, барчани Рамазон ойи билан табриклайман. Чиройли ўйин гувоҳи бўлдик. Тўғриси, дурангни кутмагандик. Ғалабага эришишни ният қилгандик. Албатта, бу – футбол, биз ўйлаган нарса ҳар доим ҳам бўлавермайди. Вазиятлар яратиляпти, фақат унумли фойдалана олмаяпмиз. Шунинг ҳисобига кўп очколарни йўқотяпмиз. Нафақат футболда, балки бошқа спорт турларида ҳам мақсад бўлади. Биз ҳам ўз мақсадимизга қараб интиламиз. Бизнинг жамоа ҳали янги. “Андижон” номи чиққан клуб, Суперлигани кўрган жамоа. Ўзбекистонни етакчи клубларидан бири ҳисобланади.

- “Андижон”дан қандай ўйин кутгандингиз?

- Рақибнинг ўйинларини кузатдик. Асосийси, голларини стандартлардан киритяпти. Уларда сифатли бўйдор футболчилари бор. Биз шунга қараб ҳимояланиш бўйича тайёргарлик кўрдик. Ғалаба бўлса, янада яхши бўларди. Рақибнинг ўйинига яхши баҳо бераман. Футболда сен урмасанг, сенга уришади. Иложи борича, мукаммал ҳимояланишни вазифа қилгандик.

- Натижадан қониқдингизми?

- Биз учун ҳар бир очко олтинга тенг ҳисобланади. Бу йилги про лиганинг савияси олдингиларига қараганда анча юқори. Суперлигага қиёс қилсам адашмайман. 4-5 та клуб Суперлигада ўйнаган. Ҳар бир очко бизни қониқтиради, уйдами, сафардами фарқи йўқ.

- Биринчи таймни ўзида легионер футболчи Оспинани алмаштирдингиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Ўйингача бу тактикада майдонга чиқиш режамизда йўқ эди. Рақиб таркибида бўйдор ўйинчилари бор. Натижада иложи йўқ, Оспинани захирага олишга мажбур бўлдик. Қўшимча ҳужумчини туширдик. Битта ҳужумчи билан ўйнаш қийин.

- “Ғиждувон” қачон ўз стадионида ўйнайди?

- Майдонимиз “Қўқон-1912”га қарши Кубок ўйинига тайёр бўлиш арафасида. Майдонда қилган меҳнатни қадрлаш керак. Баҳор ҳам ёғингарчиликлар билан яхши келди. Майдонимизнинг аҳволи зўр. 10-15 апрель кунларига 100 фоиз тайёр бўлади, деб кутганмиз. Раҳбарият ҳам, ишчи ходимлар ҳам қўқонликларга қарши учрашувга тайёрлашга ҳаракат қилишяпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!