Голга ассистентлик қилиши, жамоасининг пешқадамга айлангани ва Тошкентдаги ёқимли ғалаба хусусида "Андижон" дарвозабони билан суҳбат
Турнир жадвалида пешқадамга айланиб олган “Андижон” жамоаси ҳозирда трендга чиқиб боряпти. Унинг иштирокидаги ҳар бир учрашув ўзгача хиссиётлар ва саргузшатларга бой тарзда ўтяпти.
Суперлиганинг 5-туридаги Тошкентда “Локомотив”га қарши кечган беллашуви ҳам бундан мустасно эмас. “Бургутлар” бу сафар “темирйўлчилар”ни рельсдан чиқариб юбордилар.
Бунда “Андижон” дарвозабони Игорь Литовканинг ҳам хизматларини алоҳида айтсак арзийди. У нафақат жамоасини голлардан қутқарди, балки иккинчи голга унинг ўзи ассистентлик қилганига нима дейсиз?! Бундай сабаблар албатта Литовкадан интервью олишга ундайди.
- Игорь, “Локомотив”га қарши ўйин ҳақида бизга нималарни айта оласиз?
- Таассуротларим жуда ёқимли. Сафарда яхши рақиб билан ўйинда ғалаба қозондик. Энди яхши кайфиятда Кубок ўйинларига тайёргарлик кўрамиз. Эмоцияга бой бўлди, бу ўйин. Бутун Андижон халқига ва бизни трибунада қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга жуда катта совға тайёрладик.
- Сиз иккинчи голга ассистентлик қилдингиз. Буни кутганмидингиз?
- Мен уни охирги икки ҳимоячи билан ёлғиз турганлигини кўрдим ва унга узатма беришга қарор қилдим ва хавфли вазият содир этдим. Натижани ўзингиз кўрдингиз.
- Бу сизнинг фаолиятингиздаги дастлабки ассистентлик қилишингизми ёки олдин ҳам шундай бўлганми?
- Бунгача ҳам бир неча бор ҳужумчиларга бундай узатмалар берган эдим. Буниси анча омадли чиқди. Шахромнинг маҳоратинини ҳам айтиб ўтиш керак. Бу менинг фаолиятимдаги биринчи бор голга ассистентлик қилишим.
- Учрашув давомида бир неча бор жамоангизни голлардан сақлаб қолдингиз ва ишончли ўйин намойиш қилдингиз. Бунинг асосий сабаби нима билан боғлиқ?
- Ҳа, бир неча бор муқаррар голлардан қутқатиб қолдим. Бу жуда ёқимли. Жамоага фойдам тегаётганидан хурсандман. Яхши натижалар қайд этмоқдамиз, биргаликда. Қаердадир ҳимоячилар қутқармоқда, баъзида мен ҳимоячиларни қутқармоқдаман. Бир қанча вазиятларни машғулотларда ишламоқдамиз. Узун паслар орқали вазиятлар яратишни, мураббий кўрсатмаларини яхши ўзлаштирмоқдамиз.
- “Андижон” турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилиб олди. Буни кўрганингизда нималарни ҳис қиляпсиз?
- Ҳа, биринчи навбатда ёқимли. Биринчи, иккинчи турларда буни тасодиф деб ўйлашган эди. Мана, беш тур ўтди, ҳар бир ўйин қизирқарли кечмоқда. Шундай ғолибона юришда давом этамиз. Бу ой Кубок ўйинлари сабабли чемпионатдаги танаффусни биринчи ўринда якунламоқдамиз. Бу нафақат футболчилар учун балки барча бизни қўллаб келаётган андижонлик мухлисларимиз учун ҳам жуда ёқимли.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар