Головкинга қарши реванш олдидан Альварес допинг қабул қилган
Ads

Мексикалик боксчи Сауль “Канело” Альвареснинг (49-1-2, 34 КО) ўрта вазн тоифасининг WBC, WBA (Super), IBF ва IBO чемпионлик камарлари соҳиби қозоғистонлик Геннадий Головкин (37−0−1, 34 КО) билан бўладиган иккинчи жанг олдидан допинг назорати ижобий чиқди.

ОАВ расман тарқалган ушбу хабарни Golden Boy Promotions промоутерлик компанияси ҳам тасдиқлаган. Ариза матни BoxingScene ва йирик нашрларда чоп этилган.

Допинг назоратига кўра, Альварес организмидан кленбутерол моддаси топилган. Бу препарат мушакларни кучайтиради ва ёғ миқдорини камайтиради. Спортдан ташқари бу модда жорвачиликда жониворларнинг массасини оширишда қўлланилади.

Мен спортни ҳурмат қиладиган спортчиман. Бу мени ҳайрон қолдириб, безовта қилмоқда, чунки бундай вазият умуман бўлмаган. Мен буни тўлиқ аниқлаш учун барча тестларни топшираман. Умид қиламанки, барчаси кўнгилдагидек якун топади, – дея Альвареснинг сўзларини келтиради Golden Boy промоутерлик компанияси.

Головкин – Альварес иккинчи жанги 5 май куни Лас-Вегасдаги "T-Mobile" аренасида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Жангнинг қолдирилиши ёки бекор бўлиши ҳақида расмий хабар йўқ. Уларнинг биринчи жанги ўтган йили 16 сентябрда бўлиб, боксчилар дурангга имзо чекишган.