Гордон: «Бизда испанлардек ўйинни назорат қилиш қобилияти йўқ»
«Барселона» ва Англия терма жамоаси ҳужумчиси Энтони Гордон инглиз ва испан футболи ўртасидаги фарқ ҳақида фикр билдирди.
«Англия ва Испаниядаги ўйин ўртасидаги фарқ нимада? Бизда испанлардек ўйинни тўлиқ назорат қилиш қобилияти йўқ. Бу бизнинг табиатимизда йўқ, деб ўйлайман. Буни ўргатиш мумкинми-йўқми, ишончим комил эмас. Энди, Испанияда ўйнаётганим учун, бу ҳақда шахсий тажрибамга таяниб гапира оламан. Испанлар тўпни назорат қилиш услуби мен Англияда кўрган барча нарсадан мутлақо фарқ қилади.
Биз ҳеч қачон улар каби ўйнай оламизми-йўқми, билмайман, лекин албатта яхшироқ бўлишимиз мумкин. Балки бошқа йўлни танлаб, ўз кучли томонларимизга мос ўйнашимиз керакдир – жисмоний курашга асосланган, тўғридан-тўғри, қарши ҳужумларга таянадиган футбол. Ўйинни ютишнинг ягона, идеал услуби йўқ.
Биз доимий равишда бошқа мамлакатларга қараб, уларга ўхшашга интилмаслигимиз керак. Биз улар эмасмиз, биз – англияликмиз. Бизда бошқаларда йўқ бўлган ўз кучли жиҳатларимиз бор», – дея Гордоннинг сўзларини The Touchline келтиради.
Англия ва Испания терма жамоалари 26 сентябрь куни Миллатлар лигаси доирасида ўзаро баҳс олиб боради.

Фикрлар