Ғулом Ҳайдар Ғуломов: "Максимал натижага эришишни мақсад қилганман"
"Қўқон-1912" жамоаси сафига келиб қўшилган тажрибали ярим ҳимоячи Ғулом Ҳайдар Ғуломов "Қўқон-1912" клуби матбуот хизматига қисқа интервью берди.
- Биринчи навбатда, сизни жамоада кўриб турганимиздан хурсандман. "Қўқон-1912" жамоасига ўтишингиз қандай содир бўлди?
- Катта раҳмат! "Қўқон-1912" жамоаси ўтган мавсумдан бери мени жамоада кўриш истагида эканини маълум қилганди. Ўтган ёзда агар қишда жамоамни ўзгартирадиган бўлсам, биринчи навбатда сизлар билан музокара олиб бораман, деб ваъда бергандим. Қишда ўзаро келишдик ва "Қўқон-1912" жамоаси аъзосига айландим. Шунингдек, уч йилдан бери Фарғонада бўлганим сабабли оилам ҳам бу ерга анча ўрганиб қолганди.
- 1 ойдан бери "Қўқон-1912" машғулотларида иштирок этмоқдасиз. Жамоага киришиб кетишда муаммолар бўлмадими?
- Жамоага киришиб кетишда ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Бу ердаги кўплаб футболчиларни аввалдан яхши билганман, уларнинг кўпи билан биргаликда бошқа жамоаларда тўп тепганман. Шунингдек, жамоа мени жуда яхши кутиб олди.
- Янги бош мураббийнинг машғулотлари ҳақида нима дея оласиз? Жамоа аллақачон янги тактик ва схемалар устида ишламоқда. Андрей Сергеевич билан ишлашда қийинчиликлар йўқми?
- Андрей Сергеевични "Металлург"да ишлаб юрган вақтларидан яхши танийман. Улар мени ўша вақтда ўз жамоаларига таклиф қилгандилар. Бироқ мен ўша пайтлари "Локомотив" футболчиси эдим. Тақдир тақазоси билан мана энди "Қўқон-1912" жамоасида бирга ишлайдиган бўлдик. Машғулотларга келадиган бўлсак, жуда қизиқарли ўтмоқда, тактик ишланмалар бўйича эса мураббийимизнинг ўзлари гапирганлари маъқул бўлса керак. Бизнинг вазифамиз машғулотларда тўлиқ куч билан ҳаракат қилиб, мураббийнинг истаётган нарсаларини бажариш.
- Ҳар бир футболчини янги мавсум олдидан ўз олдига мақсадлар қўяди. Ғуломҳайдар Ғуломовнинг янги мавсум олдидан қандай мақсадлари бор?
- Бу йил жамоа билан яхши даражада ўйин кўрсатиб, максимал натижага эришишни мақсад қилганман. Шунингдек, Кубок баҳсларида ҳам ишончли ўйин кўрсатган ҳолда мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз. Худо хоҳласа, фақатгина ғалаба учун майдонга тушамиз ва бунинг учун тўлиқ куч билан ҳаракат қиламиз.
- Водийда футбол — бу байрам. Мухлислар футболни яхши кўришади. Қўқонлик мухлисларга мавсум олдидан нима деган бўлардиз?
- Қўқонда одамлар футболни яхши кўришади. Биз уларни ғалабаларимиз билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Мухлисларимиздан бизни яхши ва ёмон кунларимизда ҳам қўллаб туришларини сўраган бўлардим. Биз эса уларни доим хурсанд бўлишлари учун майдонда тўп тепамиз.
Фикрлар