"Гуруҳ босқичига чиқиб, Наманганга ОЧЛ атмосферасини олиб келмоқчимиз. Бунинг учун салоҳиятимиз етарли" - Отабек Саматов
Ўз олдига катта вазифаларни қўйган "Навбаҳор"ни олдинда яна жиддий ўйинлар кутяпти. Биласиз, Суперлиганинг 16-туридаги энг марказий учрашув – “Навбаҳор” – “Пахтакор” беллашуви кутилган даражада катта ажиотажни юзага келтирди. Лекин ушбу ўйинда наманганликлар ўз майдонида “Пахтакор”га 1:2 ҳисобида ютқазди ва табиийки, бу ҳолат наманганлик минглаб мухлисларни ранжитгани бор гап. Чемпионлик учун жиддий курашаётган “Навбаҳор” ўз уйида асосий рақобатчисига ютқазди ва “Пахтакор”ни ўзидан ўтказиб юборди.
Шу боис “Навбаҳор” клуби вице-президенти Отабек Саматов билан боғландик. Мутахассис аввало мағлубият тўғрисида гапирди.
“Албатта, мағлубият ҳаммани ранжитди. Жамоа ғалаба қозониб мухлисларни хурсанд қилиш ниятида эдик, лекин насиб экан-да. Шундай бўлса-да, олдинда вазиятни ўнглаш учун ўйинлар бор. Кўриб турибсиз, ҳозир оддий рақибнинг ўзи йўқ. Жамоадаги мураббийларга ҳам, ўйинчиларга ҳам аниқ мақсад қўйилган. Ҳозир барчамиз бирлашиб мақсад сари интилишимиз керак, бошқа иложи йўқ”.
“Навбаҳор”нинг ушбу мағлубиятидан кейин мухлислар орасида турли гап-сўзлар тарқала бошлади. Аниқроғи, жамоа бош мураббийи Самвел Бабаяннинг истеъфога чиқиши мумкинлиги борасидаги узун-қулоқ гаплар эшитиляпти. Табиийки, бундай пайтда “Навбаҳор” клуби вице-президенти бундай гап-сўзларга изоҳ берди:
“Самвел Бабаян ҳам қўлидан келганича ҳаракат қиляпти. Ҳозирда мураббийни кетказиш нотўғри қарор бўлади, деб ўйлайман. Аксинча, ҳозир қўллаб-қувватлаб ҳар бир ўйинга жиддий тайёргарлик кўриш керак. Худо хоҳласа, албатта мақсадимизга эришамиз. Бундан бошқа йўли йўқ. Бунинг учун жамоада етарлича салоҳият бор.
Кўриб турганингиздек, бу борада ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ ва Бабаян клубда ўз ишини давом эттиряпти. Олдинда эса яна муҳим учрашувлар турибди. Айниқса, Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидаги ўйин бор. “Навбаҳор”нинг олдига ОЧЛда қандай мақсад қўйилган? Отабек Саматов шундай жавоб берди:
“Навбаҳор”да доим асосий вазифа - ҳар бир жамоамиз иштирок этаётган мусобақаларда энг юқори мақсадлар қўйилади.
Албатта, халқаро майдонда муносиб иштирок этиб гуруҳ босқичига чиқиш учун имкониятимиз бор ва жамоамиз мураббийи Самвел Бабаян халқаро майдонда катта тажрибага эга. Клубга таклиф этилган футболчиларимизда ҳам халкаро майдонда етарлича тажрибаси бор. Худо насиб қилса, муносиб иштирок этмоқчимиз.
Мана, Ўзбекистон Кубоги доирасида”Арал”га қарши ўйинда ғалаба қозондик. Биз Кубок мусобақасида ҳам муносиб иштирок этмоқчимиз. Умуман олганада, ўзимиз қатнашаётган барча фронтда муваффақиятларга эришмоқчимиз. Бунинг учун имкониятларимиз ва кучимиз етади. Эндиликда ОЧЛ ўйинига тайёргарликни давом эттирамиз. Гуруҳ босқичига чиқиб Наманганга Осиё Чемпионлар лигаси атмосферасини олиб келиш учун астойдил ҳаракат қиламиз. Юқорида айтганимдек, бунинг учун салоҳиятимиз етарли.
Шунингдек, Осиёда ягона бўлган барча жамоамизни ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғизлатиб қўймайдиган жонкуяр мухлисларимизга катта раҳмат айтмоқчиман. Ҳар доим жамоамизни қўллашдан чарчашмасин, жамоа билан биргаликда мақсадга эришиш насиб қилсин.
Фурсатдан фойдаланиб, Наманганда футболини ривожлантириш учун барча шароитни яратиб бераётган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шакиржановичга жамоамиз номидан раҳмат айтмоқчиман”, - дейди Отабек Саматов.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар