Гвардиола Ҳусанов ҳақида даҳшат гапирди
Бир йил муқаддам Франциянинг “Ланс” жамоасидан “Манчестер Сити”га ўтганидан кейин Абдуқодир Ҳусанов таркибдаги муаммолар туфайли қийин вазиятга тушиб қолган “шаҳарликлар”нинг жонига оро кирган эди.
Мана орадан бир йил ўтиб, Хосеп Гвардиола жамоасида ҳимоячилар танқислиги яна авж олди. Ва яна 21 ёшли ўзбек футболчиси қудратли жамоанинг қутқарувчисига айланди.
Sports.uz портали “Манчестер Сити” клубининг расмий сайти журналисти Нил Лининг Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида айтган гапларини келтирган мақолани ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов аллақачон “Манчестер Сити” учун жуда зўр трансфер бўлганини исботлагинини таъкидлаб, ёш ҳимоячи келгусида янада ўсиб боришига ишонч билдирди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси 12 ой олдин Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га кўчиб ўтган эди. 21 ёшли ҳимоячи ўша заҳотиёқ тезлиги, жисмоний тайёргарлиги ва катта салоҳияти билан кучли таассурот қолдирди.
Бироқ янги мамлакат, янги лига ва янги тилни ўрганишга мослашаётган пайтда Хусановга доимий ўйин амалиётини олиш борасида сабр қилишга тўғри келди.
Шунга қарамай, яқинда асосий марказий ҳимоячилар Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш узоқ муддатли жароҳат сабаб сафдан чиққанидан сўнг, Ҳусанов охирги икки ўйинда асосий таркибда майдонга тушди. У Премьер-лигадаги “Брайтон” билан 1:1 ҳисобидаги дурангда ҳам, шанба куни Англия Кубогида “Эксетер Сити” устидан 10:1 ҳисобидаги йирик ғалабада ҳам футбол жамоатчилиги диққат марказида бўлди.
“Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола Ҳусановнинг сўнгги 12 ой давомида қандай мослашганидан жуда мамнун эканини очиқ билдирди. Испаниялик мутахассис ёш ҳимоячининг ёшини ва улкан салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, Ҳусанов “Манчестер Сити” билан бирга яна кўп ютуқларга эришишига мутлақо шубҳа қилмаслигини айтди.
“Ҳусанов – юқори даражали трансфер. У Францияда юқори даражада беш ой ўйнаганидан кейин бу ерган келган, шунинг учун янги муҳитга мослашиш унга осон бўлмади, лекин мен уни ўзига хос футболчи, деб ҳисоблайман.
Биз жуда юқори ҳимоя чизиғида ўйнаймиз ва орқа зонада у ажойиб ўйинлари билан жамоага жуда катта ёрдам беряпти. Унинг ўйин услуби ва ҳаракатлари менга роса ёқади.
Аста-секин, қадамма-қадам у тўп билан ишлашни ўрганиб бормоқда. Чунки Абдуқодир ҳали анча ёш ўйинчи ва ҳали ҳаммаси олдинда.
У мураббий кўрсатмаларига оғишмай амал қилади, барчасини тўлиқ ва тўғри бажаради, ҳар доим машғулотларда жон-жаҳди билан ишлайди ва ўзини ишга 100 фоиз бағишлайди.
Менимча, у борган сари тезлигини ошириб боряпти. Ҳусанов илгари ҳам тезкор эди, ҳозир ҳам шундай, ва албатта, у жуда ишончли футболчи.
Мен ўтган йили ҳам клуб уни олиб, тўғри қарор қилганини айтган эдим. Агар у трансферга қўйилса, Абдуқодирни Европанинг ўнлаб етакчи клублари қўлга киритишни истаб қоларди. Чунки у ўзида топиш қийин бўлган ажойиб сифатлар ва ўзига хос хусусиятларни мужассам қилган.
Ҳозир Абдуқодир инглиз тилида яхши гаплашяпти, ҳамма нарсани жуда тез тушунади ва илғаб олади.
Мен уни доим “Сен ўзинг ўйлананингдан ҳам зўр футболчисан”, деб илҳомлантираман. Ҳақиқатан ҳам у жуда яхши футболчи.
Унинг узун паслари аниқ чиқади, рақиб ҳимоячисини яхши ёриб ўта олади, тўпни аниқ ва тезкорлик билан узатади. Энди унга бироз жасорат керак. Бунга эришиш учун яна бироз вақт талаб этилади.
Ҳусанов ёш ўйинчи, қанча ўйнаётганидан қатъи назар, албатта ўз йўлини топади”, деди Хосеп Гвардиола, - деб ёзмоқда “Манчестер Сити” матбуот хизмати вакили Нил Ли.



Фикрлар