Гвардиола Ҳусановнинг жамоага аҳамиятини қандай баҳолади?

  • 26 февраль, 18:35
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”даги фаолиятини бошлаганидан бери футболни ёритиб келаётган манбалар диққат-марказида бўлиб турибди.

Бу бежиз эмас, албатта. “Манчестер Сити”нинг бугунги аҳволи, жамоада, хусусан ҳимоячилар орасида жароҳатланганларнинг кўплиги ва таркибдаги бошқа муаммолар мураббийлар штабини 20 ёшли ўзбек футболчисини дарров майдонга туширишни тақозо этди.

Ҳусановга янги муҳитга мослашиш учун ҳеч қандай вақт берилмади. Аксинча, Гвардиола талаби билан Абдуқодир муҳим ўйинларда иштирок этиш орқали янги даражадаги жамоага ва юлдуз жамоадошларга кўникишига тўғри келмоқда.

Легионеримиз “Энергетик-БГУ”дан “Ланс”га ўтганида Франция чемпионатида ўз ўйинини шакллантириб олиш учун бир йил давомида захира ўйинчиси вазифасини бажарган эди. “Ланс” мураббийлар штаби ҳамюртимиз хизматларидан асосий таркиб ҳимоячилари майдонга туша олмаган ҳолатларда фойдаланган. Кейинчалик ҳам асосий ҳимоячи Кевин Дансонинг тиббий муаммоларини ҳал қилиш учун кетгани Ҳусановга қўл келган эди.

“Манчестер Сити”да бундай бўлмайди. Англияга келганига беш кун ўтиб, “Челси”дек қудратли жамоага қарши ўйнашига тўғри келди.

Европа футболидаги нуфузли манба – tribuna.com сайти Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусановнинг клубга мослашиш жараёни ҳақидаги фикрларини келтириб, ўзбек футболчиси жамоада тобора муҳим фигурага айланиб бораётгани ҳақидаги маълумотларни келтирди.

- Биз Абдуқодир Ҳусановни кўпроқ инглиз тили дарсларини олишга мажбурлаяпмиз. Ўзаро мулоқот ўйиннинг муҳим бўлагидир.  

Тил борасидаги тўсиқларга қарамай, Абдуқодирнинг салоҳияти юқори. Чунки у ўйинни яхши тушуна олади, ўзи майдонда нима қилиши кераклигини яхши билади. Бу нормал ҳолат.

Ҳусанов ўйинлар орқали ўрганиш жараёнини бошдан ўтказяпти. Абдуқодирда бизда бўлмаган сифатлар бор, жамоага ёрдам бера олишига аминмиз. У ҳимоя марказида, ўнг тарафда, уч ҳимоячили тактикада, хуллас турли позицияларда ўйнай олади, - деди футболчининг жамоа учун муҳим фигурага айланиб бораётганини алоҳида эътироф этган Хосеп Гвардиола.

Умуман олганда, легионеримизни “Челси”, “Реал”, “Ньюкасл”, “Ливерпуль” сингари кучли рақибларга нисбатан илк дақиқадан ўйнатган испаниялик бош мураббий ҳали янги шогирди тил борасидаги камчиликларни бартараф этмаган ва мослашиш жараёнини якунламаган бўлса-да, унинг салоҳиятига ишонч билдирган ҳолда жамоага интеграциясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Абдуқодир Ҳусанов Англияга кўчиб келганидан бери Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида иштирок этишга улгурди. Ўзи қатнашган бешта ўйиндан тўрттасида бошланғич таркибда майдонга тушди. Кубок ўйинида захирадан майдонга тушиб, Англиядаги биринчи голини урди. Ҳозирча, Абдуқодир “шаҳарликлар” сафида жами 369 дақиқа ҳаракат қилиб, ўйини мухлису мутахассисларга манзур келмоқда.

“Олтин тўп” соҳиби ҳам Ҳусановдек ўйнамаган!

Гвардиола Ҳусановнинг асосий камчилигини айтди!

Шомуродовнинг фаолиятида катта ўзгариш!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!