Гвардиола икки жамоа билан ЕЧЛ финалига чиққан нечанчи мураббий? Унга қадар бу трюкни кимлар амалга оширган?
Европа Чемпионлар Лигаси финалига чиқиш барча мураббийларнинг орзуси десак, адашмаган бўламиз. Бир эмас, икки бор чиқиш учун эса, маҳорат талаб этилади. Икки хил жамоани ҳал қилувчи баҳсда иштирок этишини таъминлаш фақат буюк мураббийлар амалга ошириши мумкин бўлган иш. Яқинда Пеп Гвардиола ўз қора анъанасига барҳам бериб, «Манчестер Сити»ни клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақа финалига олиб чиқди. Шу тариқа, испаниялик мутахассис икки хил клуб билан финалга чиққан 7-мураббийга айланди. Келинг, бу ишни аввал кимлар уддалагани борасида фикр юритамиз.
Оттмар Хитцфельд
Европа Чемпионлар Кубоги ЕЧЛга ўзгартирилгач, мусобақа тарихида ғалаба қозониш анча мураккаблашди. Формат ўзгаргани сари янги жамоаларга курашга қўшилаверди. Шу боис, фақат 2001 йилга келибгина икки клуб билан финалга чиққан мутахассис номи маълум бўлди.
Оттмар аввалига «Боруссия» Дортмунд билан ЕЧЛ бош совринини қўлга киритди. 1997/98 йилги мавсумда унинг шогирдлари финалда «Ювентус»га ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ридленинг дубли ва Ларс Риккен киритган гол “арилар”нинг ажойиб ғалабасини таъмин этди.
Хитцфельд дортмундликларни Европанинг энг кучли клубига айлантиргач, «Бавария» билан шартнома имзолади. Қаҳрамонимиз аввалига финалда «Манчестер Юнайтед»га мағлуб бўлди. Ўша афсонавий 2 дақиқа қурбонига айланган бўлса-да, 2 йил ўтиб, ўз мақсадига эришди. Швейцариялик мутахассис учинчи уринишда «Бавария»ни 2001 йилги финалга бошлаб келди. «Валенсия» билан баҳсда пенальтилар серияси ҳаммасини ҳал қилди. Шу тариқа, Оттмар икки хил клуб билан Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучган илк мураббийга айланди.
Луи Ван Гал
Голландиялик «Аякс»даги фаолиятини жуда ёрқин бошлади. Аввалига (1995 йил) «Милан»ни Европа Чемпионлар Лигаси финалида 1:0 натижаси билан доғда қолдирган бўлса, бир йил ўтиб «Ювентус»га имкониятни бой бериб қўйди. Қаҳрамонимиз ўз фаолиятидаги кейинги финални нақд 14 йил кутишига тўғри келди.
«Бавария»да иш бошлаган мутахассис 2010 йилда финалга қадар муаммосиз етиб келди, лекин Жозе Моуриньони енгишни уддалай олмади. Шогирди ҳал қилувчи 90 дақиқада ундан бир қадам олдинда бўлди. Якунда, «Бавария - «Интер» 0:2! Эътиборлиси шундаки, португалиялик мутахассис ҳам ўша оқшом ўз фаолиятидаги иккинчи жамоасини финалга бошлаб тушган эди.
Жозе Моуриньо
«Беназир»нинг «Порту» билан бошдан ўтказган саргузаштлари ҳақида соатлаб фикр билдириш мумкин. 2004 йилда турнир финалига «Порту» етиб келиши ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаган эди десак, адашмаган бўламиз. Луи Ван Галнинг шогирди «аждарлар» билан шунчаки даҳшатли мавсум ўтказди. Плей-оффдаги ҳамма ўйинда ғалаба қозонгани етмаганидек, финалда «Монако»ни 3:0 натижаси билан ранжитди.
Орадан 6 йил ўтиб, Моуриньо «Интер» билан бутун дунёни ўзи ҳақида фикр билдиришга мажбур қилди. Суяги қария футболчилардан ташкил топган клуб «Сантьяго Бернабеу»да «Бавария»га ҳеч қандай имкон қолдирмади. Диего Милито урган икки гол немисларни имконсиз вазиятга тушириб қўйди.
Юп Хайнкес
«Бавария» кўп ўтмай Европадаги энг кучли клуб номини қайтариб олди. Бунга тажрибали мураббий Юп Хайнкес асосий сабаб. У ҳам Ван Гал сингари 14 йиллик танаффусдан кейин ЕЧЛ финалида қатнашди. 1998 йилда Юп «Реал» Мадридни қитъада тенгсиз бўлиши учун бор кучини сарфлаган эди. «Ювентус»ни минимал ҳисобда енгган мутахассис 14 йилдан сўнг, «Бавария» билан яна олтин медалларни қўлга киритди.
Бу сафар ёш ва қизиққон Юрген Клоппнинг «Боруссия Дортмунд» жамоаси «Бавария»га қаршилик қилди. Асосий вақт 1:1 натижаси билан якун топиши мумкин эди, аммо буни Арьен Роббен истамади. У киритган гол немисларни яна тахтга қайтарди. Ўша учрашувдан сўнг, барча мухлислар «Альянц Арена»даги омадсизликни унутиб юборди. Гап шундаки, бир йил аввал Хайнкеснинг «Бавария»си ўз уйида «Челси»ни енгга олмаган, пенальтилар сериясида кубокни қўлдан чиқарган эди.
Карло Анчелотти
Очиғи, Европа Чемпионлар Лигаси финалида мураббий сифатида иштирок этишда ҳеч ким Карло Анчелоттининг олдига туша олмайди. Аввалига 2002/03-йлги мавсумда «Милан» билан олтин медаль. 2 йилдан сўнг Истанбулдаги триллер! 2007 йилда «Ливерпуль»дан олинган реванш! Орадан 7 йил ўтгач, Карло ота «Реал» Мадриднинг узоқ кутилган 10-чемпионлигини таъминлаб берди. Унинг шогирдлари финалда «Атлетико» Мадридга (4:1) ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ваҳоланки, 89-дақиқада «қироллик клуби» 0:1 натижаси билан ортда қолаётган эди.
Карло Анчелоттининг ҳар бир финал баҳси драма ва 4 финал ҳақида фильм суратга олиш мумкин. Сайёрамизда ЕЧЛ финаллари бобида ҳеч ким италиялик мураббий сингари бой тажрибага эга эмас десак, адашмаган бўламиз.
Юрген Клопп
Гвардиолага қадар бу трюкни амалга оширган Юрген Клопп рўйхатимизни якунлаб беради. У юқорида эслаб ўтганимиздек 2013 йилда »Боруссия«ни финалга олиб чиқади. «Бавария» билан асабий ўтган ўйин 1:2 натижаси билан якунланади. 2018 йилга келиб энди «Ливерпуль» унинг қўл остида Европанинг энг кучли клуби бўлиши мумкин эди, лекин «Реал» Лориус Кариус ёрдамида инглизларни 3:1 ҳисобида таслим этди. 2019 йилда Клопп абадий омадсиз тамғасини ўзидан буткул олиб ташлади. «Энфильд» эгалари финалда Англиянинг бошқа бир клуби - «Тоттенхэм»га ҳеч қандай имконият қолдирмади. 2:0 натижаси таблода кўриниш бериши учун Муҳаммад Салоҳ ва Дивок Ориги улкан ҳисса қўшди. Мураббийлар дуэлида Клоппга енгилган Маурисо Почеттино бу гал ярим финалда Пеп Гвардиолани финалга кузатиб қўйди.
Фикрлар