Гвардиола: Мен кетсам, “Сити”нинг муаммолари тугайди!
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола клубни тарк этганидан кейин жамоада муаммолар қолмаслигини таъкидлади.
Хосеп Гвардиола 2016 йили “шаҳарликлар”ни қабул қилиб олганидан кейин ички мусобақаларда жуда зўр натижалар қайд этиб, бир неча совринларни қўлга киритди. Шунга қарамай, испаниялик мутахассис клуб билан шартномани янгилагани йўқ. Унинг клуб билан ҳамкорлиги мавсум охирида якунланади.
“Манчестер Сити” мухлислари Гвардиоланинг кетиб қолишидан қаттиқ хавотирга тушган. Бироқ, Пепнинг ўзи у кетган тақдирда ҳам жамоа қудратини йўқотиб қўймаслигига ишонч билдирмоқда.
- Клуб ўзининг кейинги мақсади ва навбатдаги қадамини аниқ билади. Мен кетганимдан кейин умуман муаммо қолмайди, бунга 100 фоиз аминман. Улар ўзларининг олдиндаги стратегияларини билади.
Клуб бир кишига боғлиқ бўлиб қолса, бу муаммо келтириб чиқаради. Чунки у барқарорликни йўқотади. Клубнинг пойдевори кўплаб одамлар томонидан қўйилади, агар ҳаммаси Пепга боғлиқ бўлиб қолса, шу пайтга қадар нотўғри ишлаган бўлиб чиқамиз.
Агар клуб кўп гол урадиган бир ўйинчига суяниб қолса, бу зўр жамоа бўлмайди. Мен ҳеч қачон ўйинчи олиб сотмаганман. Бу менинг пулларим эмас, клубники. Клуб дегани бу энг муҳим нарса ва ҳар доий шундай бўлиб қолади, - деди Хосеп Гвардиола.
Фикрлар