Гвардиола “Сити”га 93 миллион евролик ҳимоячи олиб келади
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўз жамоасида “Тоттенхэм Хотспур” ҳимоячиси Педро Поррони кўрмоқчи.
Лондон клуби ўз ўйинчиси трансфери учун 93 миллион евро талаб қилмоқда. “Шаҳарликлар” Поррони талаб этилаётган суммаган нисбатан анча паст нархда сотиб олишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Football Insider нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, бунга Лондон клубининг молиявий аҳволи ёмонлашгани, шунингдек Англия Премьер-лигасидан тушиб кетиш хавфи сабаб бўлмоқда.
Қайд этилишича, испаниялик ҳимоячи 2026 йил ёзида Хосеп Гвардиола жамоасининг ўнг қанот ҳимоясини кучайтириш учун асосий нишонга айланган. “Сити”нинг ўзида ҳам молиявий қийинчиликлар борлигига қарамасдан (клуб ўтган мавсумда 338 миллион евро йўқотган), раҳбарият футболчини сотиб олишга тайёр.
Эксперт Стефан Борсоннинг таъкидлашича, Англия Премьер-лигасидан тушиб кетиш “Тоттенхэм” учун тахминан 200 миллион фунт (232 миллион евро) ҳомийлик даромадларини йўқотишга олиб келади ва клубни шошилинч тарзда қўшимча молия топишга мажбур қилади. Бу эса футболчилар бозорига босим ўтказиб, кетувчи ўйинчиларнинг қийматини пасайтиради.
Порро 2019 йилдан 2022 йилгача “шаҳарликлар” тизимида бўлган, аммо Гвардиола жамоаси сафида бирорта ҳам ўйин ўтказмаган. 26 ёшли испаниялик футболчи 2023 йил ёзидан буён “Тоттенхэм” сафида ўйнамоқда.
Тажрибали ҳимоячининг “Тоттенхэм” билан шартномаси 2028 йил июнь ойининг охиригача амал қилади.
Фикрлар