Гвардиола зўр баҳона топди

“Манчестер Сити” бош мураббий Хосеп Гвардиола Англияга келганидан бери жамоасини Чемпионлар лигасининг ғолибига айлантира олмаяпти.

Шунга қарамай, “шаҳарликлар” бир неча бор Англия чемпионига айланди.

Хосеп Гвардиола нега жамоаси Чемпионлар лигасида ғалаба қозона олмаётганга чиройли изоҳ берди.

- Англия премьер-лигасида ғолиб чиқиш, Чемпионлар лигаси бош совринини қўлга киритишдан анча қийин. Чемпионатда ўйинлар кўп, курашлар шиддатли, жароҳатлар бўлади ва кутилмаган вазиятлар юз бериши аниқ. Англия премьер-лигасидаги ғалабаларимиз ютиғимиз албатта. Бу Англия кубогига ўхшаб, ҳаммаси битта ўйинда ҳал бўладиган мусобақа эмас.

Чемпионатда энг муҳими барқарорликни ушлаб қолиш. Табиийки, Чемпионлар лигаси муҳим эмас, деган фикрдан йироқман ва биз финалда ўйнашни истагандик. Лекин 38 та ўйиндан кейинги ғалаба билан еттита учрашувдан иборат ютуқнинг фарқи катта, - деди Хосеп Гвардиола.

Гвардиола 2016 йилдан бери “Манчестер Сити”ни бошқариб келмоқда. У бу жамоа билан ўнта совринни қўлга киритган. Шулардан учтаси Англия чемпионлиги. Премьер-лиганинг сўнгги турида “шаҳарликлар” ўз майдонида “Астон Вилла”ни енгса, яна бир карра Англия чемпиони бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!