Ҳамиджон Актамов:"Барча журналистлардан холис бўлишни сўраб қоламан"
Яқинда ОАВ томонидан "Қизилқум" жамоасида ички муҳит бузилгани, "Пахтакор"дан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг, футболчилар раҳбариятга қарши боргани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Биз вазиятни ойдинлаштириш мақсадида "Қизилқум" жамоаси собиқ бош мураббийи Ҳамиджон Актамов билан алоқага чиқдик.
Сўнгги кунларда "Қизилқум"даги ички муҳит бузилгани борасида кўплаб миш-мишлар урчиб кетди. Бу қай даражада ҳақиқатга яқин?
- Очиғи, бу хабарни ўқиб ўзим ҳам ҳайрон қолдим. "Пахтакор" билан баҳсда ўзим стадионда эдим. Кейин, йигитлар билан ҳам гаплашдим. Ҳеч қандай жанжал ёки тортишув ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Футболчиларнинг барчаси профессионал. Раҳбарият ҳам. Лазарович ҳам ўз ишининг устаси. Ҳар қандай жамоада тушунмовчиликлар бўлиб туради, аммо бу қадар бўрттириб ёзишга ҳожат йўқ. Тўғриси, бундай интрига қиладиган журналистлар сабабли йўқ муаммолар пайдо бўлади. Ҳамма нарсани борича ёритиш керак.
Шу вазият борасида фикрингиз қандай? "Қизилқум"да натижалар нега ёмонлашиб кетмоқда?
- Ўйлашимча, ҳозирни ўзида ҳам жамоа чемпионлик учун кураш олиб боришга қодир. Бу футбол. Унда ҳамма нарса бўлиб туради. Шунчаки, баъзида ўйин чиқмайди, арим вазиятларда мураббий хато қилади. Спорт шуниси билан қизиқ. Ҳеч қандай хавотирли воқеа содир бўлгани йўқ. Иш раҳбарият томонидан тўғри йўлга қўйилган.
Ҳозир кўпчилик сизни жанжал чиқаришда айблаши мумкин?!
- Тўғриси, шу нарса мени хафа қилди. Мен "Қизилқум" билан соғлиғимдаги муаммолар сабабли шартномани узайтирганим йўқ. 10 йил давомида узликсиз ишлаб, анча ўзимни олдириб қўйган эканман. Деярли 3 ой давомида шифохонада даволандим. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Клубга ҳеч қачон ёмонлик тиламайман. Интрига қилиш ниятим ҳам йўқ. Мен шунчаки, футбол жонкуяриман холос. Барча журналистлардан холис бўлишини сўраб қоламан.
Фикрлар