"Ҳамма биздан қўрқади, биринчисида пенальти бор эди, иккинчисида эса..." - Драган Черан
Совринлар ютишини кўришга одатланиб қолганимиз -“Пахтакор” бу мавсумда битта совриндан айрилди. Ўзбекистон Кубоги чорак финалида Наманганда “Навбаҳор”га мағлубиятга учраб мусобақани тарк этди. Табиийки, “Шерлар” энди бор эътиборини чемпионатга қаратишади.
Максим Шацких бош мураббий бўлиб келгач, ҳозирча ўзи истаган ўйинни йўлга қўя олганича йўқ. “Навбаҳор”га қарши кетма-кет иккита ўйнаган “Пахтакор” турлича таассурот қолдирди.
Масалан, чемпионат доирасида 1:1 ҳисоби билан якунланган учрашувда улар яхшироқ таассурот қолдиришганди. Кубокда эса “Навбаҳор”да голли имкониятлар кўпроқ бўлди. “Пахтакор” бошқаларда кучсизлангандек таассурот ҳам уйғотяпти.
Шу сабабли Черан билан алоқага чиқдик. Суҳбатни эса аввал Кахи Махарадзе билан боғлиқ савол билан бошладик, лекин Драган бундан ўзини олиб қочди.
- Драган, “Локомотив” сардори Кахи Махарадзе билан боғлиқ вазият бўйича нима деган бўлардингиз?
- “No comment”.
- Нега? Бирор муносабат билдира олмайсизми?
- Мен бу ҳақида ҳеч нима дея олмайман.
- Тушунарли. У ҳолда айтинг-чи, “Пахтакор”нинг “Навбаҳор”га мағлуб бўлган ўйини хусусида фикрингиз қандай?
- Биз бу учрашувда ўзимизнинг хатоларимиз эвазига мағлубиятга учрадик. Албатта, вазият бундай тус олганидан жуда афсусдамиз. Энди барча эътиборимизни чемпионатга қаратамиз. Чемпионликни ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келган барча имкониятни ишга соламиз.
- Ўша ўйин мобайнида сиз “Навбаҳор” сардори Азим Аҳмедов билан тортишиб кетдингиз. Бундай бўлишига нима сабаб бўлганди?
- Бунинг барчаси футбол. У мени қандай ҳақорат қилганини айтмайман. Футбол – бу эҳтирос ва барчаси шундай ниҳоясига етиши керак. Мен уни майдонда кўрмадим. Фақатгина учрашув сўнггида барабан ураётганини кўрдим.
- Шунингдек, “Пахтакор” дарвозасига белгиланган иккита пенальтига муносабатингизни ҳам билмоқчиман...
- Ҳакам борасида бирор изоҳим йўқ. Фақат шуни айтишим мумкинки, биринчисида пенальти бор эди. Иккинчисида эса вазиятни яхшилаб кўриш учун сифатли камералар йўқ эди.
- Нима деб ўйлайсиз, “Пахтакор” футболчиларига Максим Шацкихнинг услубига мослашиш қийинчилик туғдиряптими?
- Ҳар бир ўзгариш қийин. Ўйинчилар талабларга мослашишлари керак.
- “Пахтакор”ни Ўзбекистон Кубоги финалларида кўришга одатланиб қолгандик. Бу мусобақани эртароқ тарк этгани клуб қора чизиқдалигини билдирадими?
- Ҳа, мен финалларда ўйнашга ўрганиб қолганман. Мен 5 та финалда ўйнаганман. Майли, ҳеч қиси йўқ. Бу – футбол.
- Намангандаги мағлубиятдан кейин жамоанинг кайфияти қандай?
- Кейинги ўйинга, янги ғалабалар учун олдинга ҳаракатланишга тайёрмиз.
- Юқорида ўзингиз ҳам айтганингиздек, “Пахтакор” бор эътиборини чемпионатга қаратиши аниқ. Аммо бу ерда ҳам осон эмас. Чемпионлик учун имконият ҳақида гап кетганда нима деган бўлардингиз?
- Ҳамма биздан қўрқади. Чунки барча бизда энг яхши ва сифатли жамоа борлигини билади. Ҳеч ким бизга ҳеч нима қила олмайди.
Фикрлар
Пахтакор 14 карра чемпион, 13 карра кубок сохиби. Яна 10 йил хеч нима ютмаса хам хеч бир жамоа яқинига келолмайди совриндорликда. Омад Пахтакорга.