Ҳамма “Пахтакор”ни танқид қилмоқда. Айб кимда: футболчилардами ёки мураббийда?
Бугун Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич 2-туридан ўрин олган "Ал-Таъвун" - "Пахтакор" баҳси ўтказилади. Учрашув тунда 11 апрелга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 01:15га белгиланган. Беллашувга "Қирол Абдуллоҳ Спорт Cити" стадиони менбонлик қилади.
“Шерлар” илк турда Эроннинг “Сепахон” клуби билан тўқнашди ва 3:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Ушбу мағлубиятдан сўнг кўпчилик жамоани танқид қилди. Мураббий ҳам, футболчилар ҳам қолмади. Лекин ҳали салбий фикр билдиришга бироз эрта, назаримизда. Чунки ОЧЛнинг эндигина битта тури ўтказилди холос. Агарда тошкентликлар гуруҳ босқичидан чиқа олмаслиги аниқ бўлганда шундай гапларни айтсак ярашади. Бироқ ҳозирдан шошилмаслик даркор.
Жамоа нега мағлубиятга учради? Буни ҳамма ҳар хил талқин қилмоқда. Кимлардир мураббийни айбласа, бошқалар футболчиларни.
"Пахтакор"нинг бугунги рақиби ютса бўладиган жамоа ёхуд Саудия клуби ҳақида нималар маълум?
“Пахтакор” икки хил тайм ўтказди. Дастлабки 45 дақиқаликда Славче шогирдлари яхши ўйин намойиш этди. Битта гол урди ва яна бир нечта вазиятлар кўкка совурилди. Иккинчи бўлимда ана шу қўлдан бой берилган имкониятлар жамоа зарарига ишлади. Футболда шундай: сен урмасанг, сенгга уришади. Эронликлар 3 бор тошкенликлар дарвозасини ишғол қилиб, ирода намойиш этди. Рақиб мураббийи ҳам ўзгаришларга қўл урди. Вакилларимизнинг нозик томонидан фойдаланди. Буни ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Сепахон” мураббийи айтиб ўтди: “рақибни ўрганиш чоғида жарима зарбалари, стандарт вазиятларда хатоларга йўл қўйишини, бундан фойдаланишимиз мумкинлигини сезгандим”.
Кўпчилик Славче Войнескидан ҳам мана шундай юришни кутди. Бироқ бу жуда мушкул эди. Шота Арвеладзе яратган услубдан футболчиларнинг чиқиб кетиб, бошқача ҳаракат қилиши қийин бўлмоқда. Грузиялик мутахассис ҳам уч ярим йилда “Пахтакор”ни юқори даражага олиб чиқди. Хатто унинг ишини ёрдамчиси Питер Хюистра давом эттириб, нималарнидир ўзгартиришга уринди. Бироқ уддалай олмади. Арвеладзе давридаги шароитлар жуда ҳам зўр эди. Қолаверса, Шота ҳам натижага эришгунга қадар танқид остида қолган. Охирги мавсумида у ўзи тарғиб қилган ўйин услубининг энг юқорисини кўрсатди. Таркибни гапирмаса ҳам бўлади.
4, 5, 16 - "Пахтакор"нинг бугунги ўйинидан олдинги рақамлар. Бу нимани англатади?
Бир пайтлар Хосеп Гвардиоладан кейин “Барселона” бошқарувига келган мураббийлар кўнгилдагидек ишлай олмаган. Чунки Гвардиоланинг услуби футболчиларнинг қон-қонига сингиб кетганди. Бундан қутилиш осон эмасди.
Энди ўзингиз ўйланг, Славче Войнески умуман бошқа дунё вакили. Унинг услуби бошқа. Буни кўрсатиши учун вақт керак.
“Пахтакор” таркибда ўзгаришлар қилди. Айниқса, ҳимояда. Лекин жамоанинг ўйин услубини белгилайдиганлар асосан ярим ҳимоячилар. Бу позициядагилар эса Арвеладзе йиғиб кетган футболчилар саналади. Улар янги мураббийни, янги мураббий футболчиларни ўрганиб, ўргантгунча вақт талаб этилади.
Ҳозирнинг ўзида мутахассиснинг ишидан қониқиш ҳосил қилмай уни алмаштирилса, фойда келтиришини бирор ким аниқ айта олмайди. Боз устига кечувда отлар алмаштирилмайди, деган нақл бежиз эмас.
"Пахтакор" Осиё Чемпионлар Лигасида 110-ўйинини ўтказади
Славче Войнески учун қийин синовлар бошланди. “Пахтакор”нинг асосий кучи ОЧЛда билинади. Бунда табиийки Славче ва Шота солиширилаверади. Лекин даврлар орасида фарқ, яъни шароитларда фарқ катта эди. Шунинг учун буни тўғри қабул қилиш керак. Мағлубиятда камчиликлар айтиб, танқид қилинади. Бироқ биргина имконият бой берилса мураббийни кўмиб юбормайлик. Чунки бу - ОЧЛ. Агар Суперлига баҳслари бўлганда майли эди. Халқаро миқёсда “Пахтакор” юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Жамоанинг ғалабалари ҳали олдинда эканлигига ишониб, омад тилайлик. Чунки “Пахтакор” ва “Насаф” қанча кўп зафар қучса ва узоқроққа борса, кейинги йилларда квоталаримиз янада яхшиланишига олиб келади!
Фикрлар